Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳоким тадбиркорларни ҳалол ишлашга чақирди
2019-01-09 | Жамият
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда ҳоким мамлакатимизда 2019 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган солиқ тизимидаги янгиликлар ва киритилган ўзгаришлар, қўшилган қиймат солиғи жорий этилишининг зарурати ҳақида фикр билдирди.
– Янги солиқ тизимида товар айланмаси 3 миллиард сўмдан ошган корхона 20 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғи тўлаши белгиланган, – деди Э.Турдимов. – Дунёнинг кўплаб давлатларида шу амалиётдан фойдаланилади. Лекин бу тадбиркорга айланма маблағини ноқонуний йўл билан бўлсада, 3 миллиард сўмдан ортиқ қисмини яшириши керак, дегани эмас. Бу мамлакатимизда янгича солиқ тизими бўлгани учун ҳозирча 20 фоиз қилиб белгиланди, кейинчалик албатта, бу ставкалар босқичма-босқич пасайтирилади. Бунинг учун вилоятимиздаги 23 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти иш ўринларини тўғри кўрсатиб, “конверт“ усулида иш ҳақи беришни тўхтатиб, солиқларни ўз вақтида тўлашга ўрганса, барчамиз учун солиқ юки анча енгиллашади.
Таъкидландики, 2019 йил 1 январдан товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар 4 фоиз ягона солиқ ставкасини, 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўлайди. Товар айланмаси бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди.
Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедов 2019 йилга белгиланган солиқ ставкаларига киритилган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
Вилоят прокурори Ф.Зуфаров сўнгги икки йилда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун олиб борилган ислоҳотлар, барча текширувларга қарши мораторий қўйилгани, шунда ҳам айрим тадбиркорлар фаолиятида иш ўринларини яшириш ва солиқлардан қочиш ҳолатлари кузатилгани, бу ҳол 2019 йилда ҳам давом эттирилса, қонуний жазолар қўлланилишини таъкидлади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги