Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар кўрилди.
2008-2017 йиллар мобайнида Давлат бюджетидан 2 172,8 километр ирригация тизимлари, 368,8 километр лотокли суғориш тармоқлари, 347 дона гидротехник иншоотлар, шунингдек, 83,7 куб м/сек умумий сув узатиш ҳажмига эга бўлган насос станциялари, умумий ҳажми 1 581,3 миллион куб/м бўлган сув омборлари ва бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 3,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди, бунинг натижасида 1,7 миллион гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг сув таъминотини яхшилашга эришилди.
Бундан ташқари, ушбу давр ичида мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига 2,5 триллион сўм ажратилиб, 2,5 миллион гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига, ер ости сувларининг барқарорлиги таъминланишига ва меъёрда ушлаб турилишига эришилди.
Шу билан бирга, ишларнинг ҳақиқий ҳолати таҳлили қишлоқ хўжалигида, айниқса, пахта хомашёсини етиштиришда илмий асосланган агротехника тадбирларини амалга ошириш ва суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этишда жиддий қолоқликларга йўл қўйилаётганлигидан далолат бермоқда, хусусан:
биринчидан, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, мазкур технологияларни қўллаётган пахта хомашёсининг ишлаб чиқарувчиларини, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимлари ва ушбу тизимларни бутловчи қисмлар билан таъминловчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари мавжуд эмас;
иккинчидан, юқори ҳосилдорликка, табиий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга эришишни таъминлайдиган, республиканинг тупроқ-иқлим ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишнинг илмий асосланган агротехника қоидалари мавжуд эмас;
учинчидан, замонавий томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш, лойиҳалаш ва қуриш, пахта хомашёсини етиштиришда маҳсулот сифатини назорат қилиш масалалари эътибордан четда қолмоқда;
тўртинчидан, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланган ҳолда етиштиришга мўлжалланган навларни яратиш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинларининг, айниқса, ғўзанинг маҳаллий навлари селекцияси соҳасида илмий изланишларни жадаллаштиришга кучли зарурат мавжуд;
бешинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги техникаси, машина ва механизмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган;
олтинчидан, суғоришнинг сувни тежайдиган замонавий технологияларидан фойдаланиш ва илмий асосланган агротехника қоидаларини, шунингдек, илғор хорижий тажриба ва ноу-хауларни амалиётга жорий қилиш бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимлари замонавий талабларга жавоб бермайди.
Сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг, айниқса, ғўза ҳосилдорлигини ошириш, шу асосда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга ошираётган пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан тизимини жорий этиш, томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш;
мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш йўли билан ғўза етиштириш соҳасидаги инновацион ғоялар, илмий-тадқиқот ишланмалари, замонавий технологиялар ва илмий ютуқларни кенг жорий этиш;
республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим ва бошқа шароитларини ҳисобга олган ҳолда томчилатиб суғориш технологияларини қўллаш учун илмий-амалий ва услубий асосларини шакллантириш;
томчилатиб суғориш технологияларини қўллаган ҳолда пахта етиштиришда фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги техникаси, машина ва механизмларни, шунингдек, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этиш ва ундан фойдаланиш бўйича мутахассис кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.
2. 2018 йилда “Иштихон Нурли Давр” (Иштихон тумани) ва “Мароқанд Кластер” (Нарпай тумани) фермер хўжаликлари ҳамда “PengSheng” ўзбек-хитой қўшма корхонаси (Сирдарё тумани) томонидан 200 гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, бу усул ушбу майдонларда сувни икки баробар тежаш билан бирга, ҳар гектардан 40-45 центнергача, республика бўйича ўртача ҳосилдорликдан 1,5-1,7 марта юқори кўрсаткичга эришиш имконини берганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби белгилансин, унга мувофиқ:
а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хомашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига 8 миллион сўм субсидия тақдим этилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг10 фоизли пункти миқдорида қопланади;
в) бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилари томонидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди;
г) пахта хомашёсининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, томчилатиб суғориш тизими ишлаб чиқарувчилари томонидан олиб кириладиган, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хомашё 2021 йилнинг 1 январига қадар 1-иловадаги рўйхатга мувофиқ божхона божини тўлашдан озод этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларни (кейинги ўринларда – ишчи гуруҳлар) 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки:
а) ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
томчилатиб суғориш технологиясини жадал ва тўлиқ жорий этишда пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига ҳуқуқий ва ташкилий-техник ёрдам кўрсатиш;
томчилатиб суғориш технологияларини жорий этадиган пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига сервис ташкилотлари ҳамда томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли сервис хизмати кўрсатилишини ташкил этишни таъминлаш;
пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига, шу жумладан, томчилатиб суғориш тизимларини қуриш бўйича намунавий лойиҳаларни тақдим этиш орқали суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этиш услубларини ўзлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш;
бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун кредит олишда амалий кўмаклашиш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларининг жорий қилинишини ва ундан фойдаланиш самарадорлигини, жумладан, суғориш суви, минерал ўғитлар ва бошқа моддий-техник ресурсларни ишлатиш ҳажмларини қисқартириш кўрсаткичларининг тизимли мониторинг қилинишини ташкил этиш;
аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда маълумот тақдим этиб бориш;
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари ахборот-таҳлил департаменти ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи) ҳисобланади;
в) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчининг ишчи органи ҳисобланади;
г) Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ишчи гуруҳларнинг ишчи органлари ҳисобланади.
Белгилансинки, ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3939-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади.
5. 2019-2020 йилларда пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Мувофиқлаштирувчи:
а) бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳлар таркибини тасдиқласин;
б) пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ҳолда фаолият юритишини таъминласин;
в) томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар ойда эшитиб борилишини таъминласин;
г) томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этиб борсин;
д) 2019 йил 1 ноябрга қадар:
ушбу қарорда назарда тутилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини қишлоқ хўжалиги экинларининг бошқа турларини ишлаб чиқарувчиларига ҳам татбиқ этиш;
2020 йил ва келгуси йилларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш тавсия этиладиган майдонлар, шунингдек, уларнинг аниқ рўйхати бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
бир ой муддатда пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларининг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2019 йилда пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларини қоплаш харажатлари учун 120 миллиард сўм ажратилишини таъминласин;
2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларининг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
8. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2019-2020йилларда мазкур қарорда назарда тутилган шартларда пахта хомашёси ишлаб чиқаришда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларининг аниқ рўйхатини шакллантирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда “Oltin Yo‘l GTL” қўшма корхонаси ва “Шўртан ГКК” МЧЖ томонидан ишлаб чиқариладиган полимер хомашёси базасида томчилатиб суғориш тизимларини (трубалар, шланглар, фитинглар, сув сақлаш сиғимлари, сув етказиб бериш ускуналари ва бошқалар) ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватларни таҳлил қилиш асосида иқтисодий самарадорликдан келиб чиқиб, Қашқадарё вилоятида томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи янги корхона ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига аниқ таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
а) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган олий ўқув юртларининг тегишли таълим йўналишларида:
талабаларнинг тегишли амалиёт даврида сувни тежайдиган тизимларни қуриш ва фойдаланиш жараёни билан бевосита таништириб боришни назарда тутувчи суғоришда сувни тежайдиган технологияларни чуқур ўрганишларини;
профессор-ўқитувчилар таркибининг етакчи маҳаллий ва чет эл таълим ва илмий-тадқиқот институтларида суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш бўйича стажировка ўташини ташкил қилсин;
б) 2019 йил 1 мартга қадар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини жойларга чиққан ҳолда қисқа муддатли курслар шаклида суғоришнинг сувни тежайдиган тизимларидан фойдаланишга ўқитиш бўйича дастурларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда маҳаллий ва жаҳон илм-фани ва амалиётининг энг яхши ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда 2019-2020 йилларда томчилатиб суғориш учун мослаштирилган илдиз тизимига эга пахта навларини етиштириш агротехнологиясини яратиш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб борсин.
12. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев зиммасига – ҳудудларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, томчилатиб суғориш тизимларини қуриш бўйича намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимларини қуриш ва сервис хизмати кўрсатиш бўйича пудрат гуруҳлари ташкил этилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсупов зиммасига – ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланган ҳолда пахта хомашёсини ишлаб чиқариш ва машиналар ёрдамида йиғиб олиш технологик хариталарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига – холислик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги юзасидан жавобгарлик юклансин.
13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлигига ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, 2019 йилда пахта хомашёсини ишлаб чиқаришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш жараёни ва натижаларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
14. Сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 27 декабрь
Манба: ЎзА