Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мўйноқ янги имкониятлар остонасида
2018-12-19 | Иқтисодиёт
Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Мўйноқ – янги имкониятлар” мавзусида халқаро инвестиция бизнес форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган форумда хорижий давлатлардан инвесторлар, етакчи туристик компаниялар вакиллари, шунингдек, юртимиз тадбиркорлари иштирок этди.
– Президентимиз жорий йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида туманимизда олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиб, келгуси икки йилда амалга оширилаётган лойиҳалар орқали Мўйноқнинг ривожланишида янги давр бошланганини таъкидлаган эди, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими С.Дониёров. – Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури бўйича умумий қиймати 504,2 миллиард сўмлик 73 лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган. Бу 1 минг 250 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Орол фожиаси оқибатларини бартараф қилиш, ҳудуд аҳолиси фаровонлигини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол фожиасига қаратди. Шунингдек, 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Президентимиз жорий йил 24 август куни Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида ўтказилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш бўйича таклиф билан чиққани ҳам бутун минтақа тақдирига эътиборнинг юксак ифодасидир.
Шунингдек, 2017 йил 1 июлда узунлиги 101 километр бўлган “Қўнғирот – Мўйноқ сув объекти қурилиши” лойиҳасининг фойдаланишга топширилиши, яқинда БМТда Оролбўйи ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонд ташкил қилиниши мўйноқликлар турмушидаги унутилмас тарихий воқеа бўлди.
Мўйноқ бугун ривожланишнинг янги даври остонасига қадам қўйди. Келаси йили Мўйноқда умумий қиймати 1 триллион сўмлик инвестиция ҳисобидан йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмалар ва тадбиркорликни ривожлантириш режалаштирилмоқда. Туман марказида замонавий шаҳар қад ростлайди. Ҳудудда чорвачилик, балиқчилик, туризм ривожланади. Ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига 2018-2021 йилларда умумий қиймати 352 миллиард 794 миллион сўмлик, Осиё тараққиёт банкининг ресурслари ҳисобидан 14,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ажратиш назарда тутилган. Шунинг ҳисобидан 2021 йилга бориб туманда саноат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5, истеъмол товарлар ишлаб чиқариш 1,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 1,2, хизмат кўрсатиш 1,3 ҳисса ошади.
Форум доирасида ташкил этилган туманнинг туризм имкониятларига оид тақдимотда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Мўйноқ туманида ўтказилган халқаро “Орол балиқларидан 99 тур таомлар”, “Стихия” электрон мусиқий фестиваллари, Орол денгизига медиатурлар ташкил қилиниши хорижий туристлар эътиборини жалб қилмоқда. Кўрилаётган чоралар натижасида Қорақалпоғистонга, жумладан, Мўйноққа ташриф буюрувчи сайёҳлар сони сезиларли даражада ошди. Масалан, ўтган йили Қорақалпоғистонга 8 минг 200 нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, жорий йилнинг ўтган 10 ойида бу кўрсаткич 14 минг 500 га етган. Мутахассислар туманда эко, зиёрат, авто ва авиа туризмни ривожлантириш имкониятлари ҳақида ҳам фикр алмашди.
Тадбирда Мўйноқ тумани ҳокимлиги билан Хитой Халқ Республикасининг “Fumeigroup” қўшма корхонаси ўртасида қамишни қайта ишлаш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича, “Orientechnology” қўшма корхонаси билан артемия тухуми (цистаси)ни қайта ишлаш бўйича, Германиянинг “GraessenergyuzDe” қўшма корхонаси билан қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган қуёш электростанцияси қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан меморандум имзоланди.
Тадбир доирасида меҳмонлар ҳудуддаги кемалар қабристони ҳамда экология музейига ташриф буюрди.
Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА