Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Соғлиқни сақлаш вазири депутатлар олдида ҳисобот берди

2018-12-19 | Соғлиқни сақлаш

2018 йил 19 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шадмановнинг вазирликнинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг соҳага алоҳида эътибор қаратаётгани, ушбу йўналишда халқни рози қилишга йўналтирилган тадбирлар кўлами тобора кенгайтирилаётганлиги туфайли тизимда бирмунча ибратли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Жумладан, ўтган даврда қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини оптималлаштириш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона марказлашган тизими яратилди. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари иш услублари ўзгарди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича қатор мақсадли миллий дастурлар амалга оширилди. Болаларнинг ирсий ва туғма касалликлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида республика ва ҳудудий скрининг марказлари ташкил этилди.

Президентимиз Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси соҳанинг истиқболдаги ривожи учун янги даврни бошлаб берди.

Парламент эшитувида депутатлар соғлиқни сақлаш вазири эътиборини соҳадаги мавжуд камчиликлар, ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳамда фуқароларимиз томонидан билдирилаётган мурожаатларга қаратдилар.

Депутатларнинг фикрига кўра, бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги гарчанд давлат раҳбари томонидан тиббиёт ходимларининг 2 ставкагача ишлаши учун шароит яратилгани, ишловчи шифокорларга пенсиясини 100 фоиз олиши мумкинлиги масалалари аллақачон ҳал этилгани, тиббиёт олий ўқув юрти битирувчиларини соҳага жалб қилиш борасида чора-тадбирлар ва бошқалар бир қатор муаммоларни ҳал этди. Лекин бу борада вазирлик ўзига боғлиқ қатор масалаларни охиригача ҳал этмаган. Шифокорлар даврий тиббий кўрикдан ўтиши, малака ошириши ёки қайта ихтисослашиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими томонидан молиялаштирилмаган, уларнинг тоифа олиши учун ҳам ҳамон тўсиқлар мавжудлиги кадрлаш етишмовчилигида омил бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда ихтисослашган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Ушбу марказлар раҳбарлари ва малакали мутахассислари жойларда ўз ишларини ташкил қилмоқда, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам бажармоқда. Лекин бундай ишлар ҳамма марказларда тўғри йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Марказлар ўз ишларини ташкил этишда касалликларнинг ҳудудлар бўйича таҳлилларига, шунингдек, чуқур илмий-назарий тадқиқотлар натижаларига асосланиши лозим. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари кўпроқ эътиборни профилактик тадбирларига эмас, балки даволашга қаратмоқдалар.

Парламент аъзолари вазирлик томонидан ихтисослаштирилган марказлар фаолиятига замонавий АКТларни кенг жорий этиш орқали шаффофлик таъминлаш, беморларга навбатсиз даволаниш имконини яратиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганини танқид қилдилар. Бу борада гап кетганда, депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси саъй-ҳаракати билан Тошкент шаҳридаги 47-сонли оилавий поликлиникада намунавий тарзда электрон поликлиника тизими ташкил қилингани, у амалиётда ўз самарасини кўрсатгани қайд этилди. Бироқ соҳа мутахассислари кенг эътироф этаётган ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш ишлари вазирлик томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳанузгача ҳудудларда бирламчи муассасага бириктирилган аҳолининг электрон рўйхати шакллантирилмаган.

Маълумки, мамлакатимиздаги барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида бепул хизмат кўрсатадиган шифохоналар мавжуд. Бироқ Тошкент шаҳар туманларида бундай шифохоналар йўқлиги сабабли пойтахт аҳолиси шаҳар шифохоналарида пулли асосда даволанишга мажбур бўляпти. Навоий вилоятининг Навоий ва Зарафшон шаҳарларида ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин.

Бундан ташқари, туман, вилоят ва республика миқёсидаги тиббиёт ташкилотлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш борасидаги муаммолар ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар касалликлари ва ногиронлигининг олдини олиш йўналишидаги ишларни янада жонлантириш, бу борада илмий-амалий тадқиқотларни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, фракциялар вакиллари фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини қониқарли деб топса-да, вазирлик ўз иш услубини Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги қарорида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этиши лозимлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунига кўра, кўтарилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ тавсиялари акс этган қарори қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться