Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Италиянинг машҳур “Ювентус” футбол клуби Ўзбекистонда ўз футбол академиясини очади
2018-12-18 | Спорт
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Италиянинг “Ювентус” клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Юртимизга ташриф буюрган машҳур Италия футбол клуби вакиллари билан ўтказилган музокаралар жараёнида Турин политехника университети кампуси базасида “Ювентус академияси”ни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда ҳам томонлар юртимизда футболни оммалаштириш, янги ташкил этилаётган академия фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
“Серқуёш юртимизда сизларни кўриб турганимда бағоятда хурсандман. Бизда футболни яхши кўришади. Хусусан юртимизда “Ювентус” жамоаси мухлислари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Пойтахтимизда ушбу клуб академиясининг ташкил этилаётгани барчамиз учун қувончли янгилик бўлди. Академиянинг ташкил этилиши нафақат ушбу муассасада, балки умуман ўзбек футболига жаҳоннинг илғор тажриба ва методикаларини жорий этиши имконини беради деб ўйлайман. Вазирлигимиз ҳам ўз навбатида клуб билан ҳамкорлик қилишга ҳамда академияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр” – деди Д.Набиев.
“Ювентус” клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо юртимизда академияни ташкил этишдан мақсад фақатгина унинг ўқувчиларини тайёрлаш эмас, балки ўзбек ёшларига футбол билан профессионал тарзда шуғулланиш имкониятини яратиш эканлигини маълум қилди.
“Ювентус академияси” фаолияти болаларнинг футбол орқали жисмоний ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек уларда футбол маданиятини шакллантиришга қаратилган. Академия фаолияти комплекс ёндашувга асосланиб, йиллик тренинг, шуғулланиш оромгоҳи, ёзги оромгоҳ, ўқув сессияси каби жами олтита асосий йўналишда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга келиб, “Ювентус академияси” лойиҳаси Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган 49 та мамлакатда амалга оширилиб, 100 дан ортиқ ҳудудни ва 15000 нафардан ортиқ болаларни қамраб олган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги