Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги журналистлар учун амалий қўлланма тайёрлади
2018-12-17 | Жамият
Адлия вазирлиги журналистлар учун “Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари” амалий қўлланма тайёрлади.
Адлия вазирлиги журналистлар учун “Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари” амалий қўлланма тайёрлади. 14 декабрь куни Тошкентдаги Wyndhem меҳмонхонасида бўлиб ўтган журналистлар учун анжуманда ушбу қўлланманинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Қўлланма журналистлар ва блогерларга ахборот тарқатишни тўғри ва ҳуқуқий жиҳатдан саводли тарзда амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида ишлаб чиқилган.
Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан тайёрланган ушбу китоб моҳиятига кўра шу пайтгача қилинмаган, янги ишдир.
Қўлланмада ахборот тарқатишда инсон ҳуқуқларига риоя этиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Хусусан, айбсизлик презумпцияси, бола ҳуқуқлари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик каби масалалар таҳлил қилинган.
Шунингдек, ахборот ва журналистика фаолиятига доир қандай қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар бор, у ёки бу вазиятда қандай йўл тутилса қонунийлик нуқтаи назаридан тўғри бўлади, фейкларни қандай аниқлаш мумкин, жиноятчилик ҳақида ҳабар бериш билан уни тарғиб қилиш ўртасида қандай чегара бор, ахборот тарқатишнинг масъулияти, ёлғон хабар тарқатишнинг жавобгарлиги каби муҳим масалалар ёритилган.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда бировнинг шахсиятига тегиш, шаънини булғаш, туҳмат қилиш ёки ёлғон хабар тарқатиш орқали шахснинг обрўсига путур етказиш, санкцияланмаган оммавий тадбирларга чақириқларни эълон қилиш каби ҳолатлар ҳам таҳлил қилинган ва уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, яъни масъулият ва жавобгарлиги масалалари баён этилган.
Мавзулар юзасидан шунчаки назарий маълумотлар бериш билан чекланиб қолмай, журналистик амалиётдан кўплаб мисоллар келтирилган. Шунингдек, жадваллар, инфографикалар, суратлар билан бойитилган. Бу қўлланманинг амалий аҳамиятини янада оширади.
Қўлланманинг замонавий дизайни ва юксак полиграфик ижроси тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидланди. Ҳозирча фақат ўзбек тилида чиқарилган ушбу китобчани келгусида рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилиб чоп этиш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги