Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандга Индонезия инвесторлари ташриф буюрди
2018-12-15 | Туризм
Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, гуманитар, сиёсий ва туризм соҳаларида ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Икки мамлакат ва ҳукуматлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 14 декабрь куни Самарқанд шаҳрига Индонезиянинг «Sahid Group» ташкилоти аъзоларидан иборат делегация ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш бўйича ҳокими ўринбосари в.б. Б.Нуруллаев кутиб олди. Ташриф давомида делегация аъзолари тарихимиз, халқимизнинг меҳмон дўстлиги ҳамда бой маданий меросимиз билан яқиндан танишдилар. Улар қадимий меъморий ёдгорликлар ҳамда обидаларга, Жумладан, «Имом ал-Бухорий» мажмуасига ташриф буюришди.
Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш бўйича ҳокими ўринбосари Б.Нуруллаев ҳамда Туризм департаменти директори Ф.Хушвахтовлар билан учрашиб, ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида турли туризм инфратузилмаларини яратиш ҳамда ички туризмни жадал йўлга қўйиш, масалалари юзасидан суҳбатлашишди.
Шундан кейин меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм халқаро университетига ташриф буюрди. Универстетитда делегация аъзолари «Туризмни ривожлантириш-долзарб вазифа» мавзусида семинар ўтказишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги