Пиротехника воситалар савдоси билан шуғулланган шахслар 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади
Янги йил яқинлашгани сайин одамларда пиротехника воситаларга бўлган қизиқиш кучаяди. Бу, гарчи тақиқланган бўлса-да, пиротехника воситалари савдоси пайдо бўлишига олиб келади.
Шу кунларда ён-атрофда пиротехника воситалари фаол ишлатилаётгани, яъни пақилдоқлар овози кўпайиб қолгани кузатилмоқда. Энг ёмони, ушбу воситаларнинг фарзандларимиз соғлиғига, ҳаётига хавф туғдиришидир.
Пиротехника воситалари савдосига қарши курашиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда, яқинлашиб келаётган Янги йил байрамини тинч-осойишта ўтказиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбиддин Бурҳонов билан суҳбатлашди.
- Пиротехника воситалари савдосидек ноқонуний фаолият билан шуғулланувчиларни бозорлар, савдо расталари, дўконлар, таълим муассасалари ва бошқа аҳоли гавжум бўлган жойларда учратиш мумкин, - дейди Қ.Бурҳонов. - Бежиз буни ноқонуний, деб атаётганимиз йўқ. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 25 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Пиротехника буюмларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисида” ги Низом тасдиқланган.
Ушбу Низомда пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби белгиланган. Текширишлар чоғида бундай буюмларни олиб кириш, сақлаш, реализация қилиш, яъни сотиш билан шуғулланаётганларнинг бирортасида ҳам ушбу фаолият билан шуғулланиш учун лицензия йўқлиги аниқланди.
Қонун ҳужжатларида ушбу фаолият билан шуғулланишни лицензиялаш бежиз кўзда тутилмаган. Чунки пиротехника маҳсулотларининг таркибини портловчи ва ёнувчан хавфли моддалар ташкил қилади. Айниқса, салютлар, яъни мушакбозлик учун мўлжалланган, рангли, овозли, тутунли ва бошқа пиротехника воситалари алангага ўта таъсирчан бўлади. Улар ишлатилганда ёниш ҳарорати 3000 даражагача етиши мумкин. Пиротехника маҳсулотларининг ишлатилиши фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғига жиддий хавф туғдиради. Бундан ташқари, ёнғин келиб чиқиши хавфини кучайтиради.
Аксарият ҳолатларда ушбу буюмларни ўсмирлар ва ёш болалар сотиб олиб, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида тўсатдан портлатишади. Бунинг оқибатида йўловчилар, айниқса кексалар чўчиб кетишади, уларнинг асаби бузилади. Баъзи пайтларда эса тан жароҳати олиш, ёнғин келиб чиқиши, ҳатто бошқаларнинг ўлими билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳам юз бериши мумкин. Ваҳоланки, пиротехника буюмларини сотувчилар буни, қолаверса мазкур юқори потенциал хавфга эга бўлган воситалар биринчи навбатда уларни ишлатувчи болалар ва ўсмирлар учун жиддий таҳдид туғдиришини яхши билишади. Шунга қарамасдан ўзларининг моддий манфаатларини бошқаларининг соғлиғи, ҳатто ҳаётидан устун қўйишади.
- Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун қандай жавобгарлик кўзда тутилган?
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг ушбу соҳага оид бир нечта қарорлари асосида ички ишлар органлари томонидан мутасадди давлат органлари, турли ташкилотлар маъмурияти ва жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорликда божхона ва сертификатлаштириш муолажаларидан ўтказилмаган сифатсиз пиротехника воситаларининг республикамизга олиб кирилишига, мамлакат ичкарисида сақланиши, сотилиши ва ишлатилишига йўл қўймаслик мақсадларида комплекс тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
- Профилактик тадбирларда қандай ҳолатлар кўпроқ учрамоқда ва уларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
- Қонун ҳужжатлари талабларини амалиётга татбиқ этиш ва қонунбузарларга нисбатан ўрнатилган жавобгарлик чораларини кўриш мақсадида 8 минг 215 нафар ходимлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат 717 махсус гуруҳ тузилган. Ушбу гуруҳлар томонидан ҳозирги кунга қадар 6 мингга яқин рейд ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Натижада пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ бўлган кўплаб ҳолатлар аниқланиб, тўртта ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 110 ҳолат бўйича ҳуқуқбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Мисол учун, ички ишлар органлари ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор профилактик тадбир пайтида пойтахтимизда яшовчи фуқаролар Д.А., Т.Ж. ҳамда А.Р. 17 дона жами 2 миллион 850 минг сўмлик пиротехника воситаларини ноқонуний сақлаб келаётганликлари аниқланиб, тегишли тартибда олиб қўйилган. Ушбу ҳолат юзасидан уларга Жиноят кодексининг 2501-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Суднинг ҳукми билан айбдорларнинг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг 15 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Жиззах шаҳрида яшовчи Р.А.нинг ёнидан 1 қути пиротехника буюмлари олинди. Ушбу ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг1851-моддасига мувофиқ чора кўриш учун Жиззах шаҳар маъмурий судига тақдим этилди. Суд томонидан Р.А.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Кўшк қишлоғида яшовчи 1992 йилда туғилган М.А. ўз уйида яширинча пиротехника буюмларини сотаётганлиги тўғрисидаги маълумотга асосан ўтказилган тадбирда 300 та блокда жами 3000 қути, яъни 15 миллион сўмлик пиротехника буюмлари борлиги аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Шу йил 3 декабрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган “Пиротехника” тадбири чоғида пойтахтимизнинг Миробод тумани Қўйлиқ ота кўчасида 1966 йилда туғилган М.Л. ёнида бўлган сумкасида ҳар хил турдаги жами 1532 дона пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланди. Олиб борилган терговга қадар текширув давомида аёл бу воситаларни сотиш билан шуғулланишига иқрор бўлди. Ушбу ашёвий далиллар холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун судга юборилди.
Айниқса, қуйидаги мисол кишини ташвишга солади. Тошкент вилояти Тошкент тумани Келес шаҳридаги 10-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси жорий йилнинг 27 ноябрь куни мактабда пиротехника воситалари сотаётгани ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланган. Унинг сумкаси кўздан кечирилганида, 60 дона пиротехника воситаси топилган. Наҳотки, боланинг ота-онаси бундан бехабар бўлса? Ёки уларнинг ўзи ўғлини шу ишга ундаганми?
Аҳоли пиротехника воситаларининг зарарли оқибатлари ҳақида аниқ мисоллар билан оммавий ахборот воситалари орқали кўп марталаб огоҳлантирилмоқда. Шунга қарамай пиротехника воситаларини фарзандларига ўйинчоқ сифатида олиб бераётган ота-оналар ҳам учраб турибди. Ёш болалар пиротехника воситалари туфайли юз-қўллари куйган, оғир тан жароҳатлари олган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ота-оналар фарзандларига ана шу зарарли матоҳнинг ўрнига китоб олиб берсалар фойдадан ҳоли бўлмасди.
- Пиротехника воситалари савдосига бутунлай чек қўйиш учун яна қандай ишлар амалга оширилиши керак?
- Ички ишлар органлари ходимлари пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўряптилар.Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган.
Ана шу жиддий масалани ҳал этиш учун ўзаро ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва кенг жамоатчиликни ҳам жалб этсак, саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини бериши шубҳасиз. Аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар, уларнинг ота-оналари ўртасида пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг салбий оқибатлари, ушбу буюмларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кўзда тутилганлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилса, турли кўнгилсизликларнинг олди олинади. Бундан ташқари, қанчадан-қанча фуқаролар жавобгарликка тортилишдан сақлаб қолинади. Қолаверса, ота-оналарнинг ўзлари ҳам фарзандларига пиротехника воситаларини ишлатиш қандай оғир оқибатларга олиб келишини ётиғи билан тушунтиришлари лозим.
Оммавий ахборот воситалари пиротехника воситаларининг ноқонуний айланиши ҳолатлари, бу қандай аянчли оқибатларга олиб келишини кўпроқ ёритсалар, бу ҳам ўз самарасини бериши шубҳасиз. Хуллас, ҳаммамиз ҳамкорликда ишласак, кўзланган натижага эришамиз.
Шунда ҳаётимиз тинч-осойишта бўлади. Айниқса, кириб келаётган Янги йилни кўнгилдагидек нишонлаймиз.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди
Манба: ЎзА