Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ишчи гуруҳ йиғилиши
2018-12-10 | Сиёсат
2018 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, “Маҳалла” фонди, шунингдек бошқа манфаатдор идоралар вакиллари ишчи гуруҳ таркибидан жой олди.
Йиғилишда “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, ҳужжат жиноят процесси иштирокчиларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тизимини белгилаш тартибини, уларни қўллаш асослари ва тартибини белгилашга қаратилган. Қонунда ҳимоя қилинадиган шахслар рўйхати белгилаб берилган. Ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура органлари, божхона органлари, судлар уларнинг ҳимоясини таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи тузилмалар сифатида белгиланган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Меҳнат кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жиноий ва маъмурий қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатда жамоат тартибини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутади ва тиланчилик билан шуғулланганлик, бунга вояга етмаган ва кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни жалб этганлик учун жавобгарликни белгилаб қўйишга қаратилган. Ўзгартиш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳам киритилди, ишга қабул қилиш тартибига ва бу жараёнда иш берувчининг жавобгарлигига оид айрим қоидалар соддалаштирилди.
“Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатнинг 16 та қонуни ва 6 та кодексига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Ҳужжат давлат органлари ўз олдида турган вазифаларни бажариши учун мақбул шарт-шароитларни янада мустаҳкамлашга, уларнинг фаолиятини жамоатчилик томонидан назорат қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуроли тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.
Ишчи гуруҳ аъзолари кўриб чиқилган масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати