Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги: мега танлов ғолиби бўлган наманганлик иштирокчига ўзи таҳсил олаётган Чуст туманидаги 3- мактабга 10 млн. сўм миқдорида маблағ тақдим этилди
2018-12-07 | Жамият
Юртимизда аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарбияга доир тадбирлар кенг амалга оширилмоқда.
Бунда аҳолида бу жирканч иллатга қарши тоқатсизлик кайфиятини шакллантиришда янгича инновацион ёндашувлардан фойдаланилаётгани алоҳида аҳамиятга молик.
Хусусан, шу йилнинг 1 октябридан 1 декабригача Адлия вазирлиги томонидан бир қатор халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда юртимизда илк бор “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови ташкил этилди.
4 та номинация, яъни “Энг яхши журналистик материал”, “Энг яхши блогпост”, “Энг яхши ижтимоий ролик”, “Энг яхши иншо” йўналишларида ташкил этилган танловдан кўзланган асосий мақсад коррупцияни фош этишда ўзларининг саъй-ҳаракатларини аямаётган, жамият аъзоларини огоҳликка чорлаётган ватандошларимизни рағбатлантириш эди.
Икки ой давом этган мазкур танловда иштирок этиш учун 56 та журналистик материал, 89 та блогпост, 8 та ижтимоий ролик тақдим этилиб, материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов низомида белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди ва баҳоланди.
Шунингдек, танловга тақдим этилган материалларнинг энг саралари ижтимоий тармоқларда ёритиб борилди. Бу ҳам танлов ҳақида кенг жамоатчилик фикрини ўрганишда муҳим аҳамият касб этди.
Мегатанловга тақдим этилган материаллардан ҳам кўриш мумкинки, жамиятда, айниқса ёшлар онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат тобора кенгроқ шаклланиб бораётир.
Маълумки, бу иллат домига дучор бўлган мулозимларни жазога тортиш билан порахўрлик йўқолиб қолмайди. Шу боисдан ҳам бу хавфли иллатларнинг оқибатларини ёш авлод онгига сингдириб бориш, жамиятда коррупция ва порахўрликнинг батамом йўқолишига замин ҳозирлайди.
Энг қувонарлиси, ушбу зарарли, жирканч иллатга қарши ўсиб келаётган ёш авлодда ўзига хос фуқаролик позицияси, тоқатсизлик
ва муросасизлик мавжуд.
Хусусан, мегатанлов доирасида мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари учун ташкил этилган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусидаги иншолар танловида 22 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этганлиги фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Маълумки, ҳар бир жиноят, коррупциянинг замирида билимсизлик, қонунлар ва қонунлар билан тақдим этилган ҳуқуқларни билмаслик ётади.
Адлия вазирлиги томонидан ёшларга қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етказиш, уларда Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар билан доимий танишиб борадиган билимдон фуқароларни рағбатлантириш мақсадида яна бир танлов ташкил этилганлиги алоҳида диққатга сазовор.
Малайзияга икки кишилик йўлланмани қўлга киритиш имконини берувчи мазкур танловда 15 минг 368 нафар иштирокчининг фаол қатнашгани ҳам унинг фуқаролар орасида катта қизиқиш билан кутиб олинганидан далолат беради.
Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради. Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди.
Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ҳуқуқингни бил ва талаб қил” акциясиниг асосий мақсади ҳам фуқароларимизга қонунларимизда белгиланган ҳуқуқларини руёбга чиқаришда амалий кўмак беришдир.
Давом этаётган ушбу акция доирасида ҳозирги кунга қадар адлия органлари томонидан 171 нафар фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари тегишли ташкилотлардан фуқаролар фойдасига 500 млн. сўмга яқин маблағни ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилди.
2018 йил 6 декабрь куни Тошкент шаҳрида юқорида номлари қайд этилган танлов ғолибларини тақдирлаш бўйича тадбир ташкил этилди.
Тадбирда қатор вазирлик, идоралар, хорижий давлатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги элчихоналари ва ваколатхоналари вакиллари ҳамда танлов ғолиблари иштирок этишди.
Танлов ғолибларига Apple iPhone X, Samsung Galaxsy S9 смартфонлари ноутбук ва телевизор каби қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Бундан ташқари, “Энг яхши иншо” йўналишида ғолиб бўлган иштирокчи таҳсил олаётган Наманган вилояти Чуст туманидаги 3-мактаб моддий техник базасини яхшилаш мақсадида, ушбу мактабга 10 млн. сўм миқдорида маблағ тақдим этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби танловларнинг юртимизда асосий мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳоли манфаатларини химоя қилишда муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этиб ўтишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги