Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

2018-12-06 | Сиёсат

2018 йил 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.  

Депутатлар ишни «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан қўшма аксилтеррор ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2008 йил 28 август) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқишдан бошладилар.

Қайд этилганидек, 2008 йилнинг 28 августида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси томонидан бир қатор ҳужжатлар, шу жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан аксилтеррор ўкув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Битим ҳам имзоланган эди. Битим қоидаларига кўра, бундай ўқув машғулотларини ўтказишдан мақсад — Томонларнинг ҳудудларида террорчилик ҳаракатлари содир этилганида ёки шундай хавф-хатар пайдо бўлганида қўшма ҳаракатларни амалга ошириш учун махсус аксилтеррор тузилмаларни тайёрлашдан иборат.

Депутатлар нафақат мамлакатимиз, балки минтақада хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида бу борада халқаро тажриба алмашиш ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари аксилтеррор бўлинмаларининг террорчи гуруҳ аъзолари фаолиятларини бартараф этиш бўйича махсус операцияларини ўтказишда мувофиқлаштирилган ҳаракатларини такомиллаштириш заруратини инобатга олган ҳолда, ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар ва уни ёқлаб овоз бердилар.

Шундан сўнг мажлис кун тартибига киритилган навбатдаги масала — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги қарори билан тасдиқланган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон Республикасининг “Бизнес юритиш” борасидаги кўрсаткичларини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, улардан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш, шунингдек, ҳужжатлар муҳр билан тасдиқланишининг талаб қилиниши назарда тутилган нормалар чиқарилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, бу янгилик юртимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни янада соддалаштиришга кўмаклашади. Пировардида эса, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон Республикасининг “Бизнес юритиш” борасидаги кўрсаткичларини янада яхшилаш имконини беради.

Мажлисда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда бошқа бир қатор қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Йиғилишда мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлиллари меҳнат ва меҳнат муҳофазаси масалалари, бандлик соҳасида белгиланган кафолатларнинг таъминламаслиги, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилмаслик каби ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бораётганини кўрсатаётгани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа билан қонунчиликка фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муносабатларидаги жараёнларни тартибга келтириш, бандлик ва меҳнат муҳофазасини янада кучайтириш билан боғлиқ тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мажлисда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси эса, Президентимизнинг 2017 йил 1 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурининг 23-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш, миллий қонун ҳужжатларини интеллектуал мулк ҳуқуқларини тартибга солиш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мувофиқлаштириш, тадбиркорликни рағбатлантириш, инвестициявий иқлимни янада яхшилашдан иборатдир.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқ эгаларининг мутлақ ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқлар бузилгани учун жазо белгилаш, соҳадаги ҳуқуқий меъёрларни халқаро ҳужжатларга мослаштириш, бир сўз билан айтганда, жамиятда интеллектуал мулкка ҳурмат билан қараш муносабатини шакллантиришга хизмат қилади.

Юқори ишчанлик руҳида ўтган мажлисда депутатлар томонидан яна бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди.

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться