Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
16 нафар “Маҳалла ифтихори” тақдирланди
2018-12-06 | Жамият
Жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини ривожлантириш давлатимизнинг устувор вазифасига айланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 июлда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга мувофиқ, маҳалла фаолиятида муносиб хизмат кўрсатаётган фаол, ташаббускор фуқароларини қўллаб-қувватлаш, меҳнатларини муносиб равишда рағбатлантириш белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ҳокимлигида янги кўкрак нишонининг илк совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Артикхўжаев иштирок этиб, маҳалла институти мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим вазифани бажараётгани, маҳалла фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамиша эътибор марказида эканини алоҳида таъкидлади.
— Камтарона меҳнатимизга юксак баҳо берилганидан бағоятда хурсандман. Кўксимизга тақилган ушбу медал мени янада шижоатли бўлиш ва ғайрат билан ишлашга руҳлантиради.
Маҳалла фаолиятини қўллаб-қувватлаб келаётган Президентимизга катта миннатдорчилик билдириман – дейди, Сергели тумани “Шукрона” маҳалласи фахрийси Мавжуда Турсунова.
Тадбирда пойтахтимизнинг маҳалла бўғинларида фидокорона хизмат қилаётган 16 нафар фуқаро “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати