"Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтаётган «BuildExpoUzbekistan-2018» кўргазмасида замонавий декоратив қопламалар, сантехника ускуналарининг энг сўнгги нусхалари, қурилиш материаллари, ойна, эшик ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Бу ерда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Россия, Германия, Португалия, Туркманистон ва Украина давлатларининг 50 га яқин компанияси ўз маҳсулотларини тақдим қилмоқда.
«EXPO POSITION» МЧЖ томонидан "Ўзқурилишматериаллари" АЖ ва Ўзбекистон мебель саноати корхоналари уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада қурилиш саноатининг сўнгги ютуқлари намоён бўлмоқда. Бу алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш имконини беради.
«Mega Invest Industrial» МЧЖ базальт толалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2017 йилда Жиззахда умумий майдони 10 минг квадрат метрдан иборат завод қурилди.
– Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилди, – дейди бош менежер ўринбосари Рамир Аҳмедиев. – Завод қуввати йилига 3 минг тоннадан ортиқ базальт толаси ишлаб чиқариш имконини беради. Бунинг учун қазиб олинган хомашёнинг 80 фоизидан фойдаланамиз, қолгани турли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга кетади. Шахсий лабораториямизда портлаш қуввати ва тола сифатини аниқлашга доир физикавий синовларни ўтказишимиз мумкин.
Маълумки, базальт пўлатга нисбатан 50 фоиз арзон ва зангламайди, уни ташишда катта юк автомобиллари ижарасига пул сарфлаш шарт эмас. Чунки базальт беш баробар енгил бўлиб, ўрамларга ўралади. Яна бир афзаллиги шундаки, монтаж қилинганда пайвандчи ва пайвандлаш ускунаси керак бўлмайди, демак электр энергияси ҳам тежалади.
Турли лифтлар ҳамда лифт ускуналарини ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи «Toshafus» Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ҳам кўргазмада иштирок этмоқда. Жорий йилнинг ўзида корхона томонидан 500 дан ортиқ лифт етказиб берилди.
Кўргазма иштирокчиларидан яна бири "GROHE" компанияси сантехника ускуналарининг йирик ишлаб чиқарувчисидир. Бу ерда кўчма кўргазма ташкил этилган бўлиб, унда кулолчилик буюмлари, сувни тозалаш, турли функцияли душ тизимлари намойиш қилинмоқда.
– Биз истеъмолчига юқори сифатли турли маҳсулотларнинг кенг ассортиментини таклиф этаяпмиз, – дейди компания вакили Сергей Ильюшенков. – Кўҳна ва навқирон Самарқандда ўз фаолиятимизни йўлга қўйиш ниятидамиз. Мамлакат бўйича 18 та дўконимиз бўлиб, уларни Бухоро ва Термиз шаҳарларида ҳам очиш режалаштирилмоқда.
Бозор иқтисодиёти шароитида маълум бир соҳада муносиб ўрин эгаллаш жуда муҳим. «BuildExpoUzbekistan-2018» кўргазмаси бунинг учун қулай имконият. Узоқ муддатли ҳамкорлик тамойиллари қурилиш корхоналарининг муваффақиятли ривожланиши кафолати ҳисобланади.
Ирина Доленко, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА