Халқаро меҳнат ташкилоти: Ўзбекистон болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишда улкан ютуқларга эришмоқда
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнат кескин равишда камайгани, болалар меҳнати борасида эса олдинги йилларда бўлганидек, хавотирга ўрин қолмаганини эътироф этмоқда.
– ХМТ мониторларининг хабар беришларича, Ўзбекистон пахта далаларининг аксарият қисмида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилган, – дейди ХМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳаси маслаҳатчиси Нодира Мақсудова. – 2018 йилда пахта теримига жалб этилганларнинг 93 фоизи ихтиёрий равишда меҳнат қилган. Талаба, ўқитувчи, шифокор ва ҳамширалар пахтага мутлақо жалб этилмаган.
Мониторларнинг қайд этишларича, фақат айрим ҳолатларда давлат ташкилот ва идоралари ходимлари ҳамон пахтага чақирилиб, теримда иштирок этаётганлиги кузатилган.
– 2018 йил Ўзбекистон учун кўпгина йўналишларда синов бўлди, – дейди ХМТнинг Иш жойларида фундаментал тамойиллар ва ҳуқуқлар бюроси бошлиғи Беате Андреес. – Бир йил олдин Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, ҳукумат ХМТ ва Жаҳон банки билан биргаликда пахта теримида болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақида мажбурият олишини таъкидлаб ўтган эди. Ушбу сиёсий мажбуриятни рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор тузилмавий ўзгаришлар рўй берди ва ишчи кучи ёллаш борасида ислоҳотлар амалга оширилди. ХМТ мониторлари ушбу чора-тадбирлар ўз самарасини берганини ва одамлар жойларда буни ҳақиқатда ҳис этаётганини таъкидладилар.
Ўзбекистонда одамларни пахта теримига жалб этиш – дунёдаги энг йирик ишга ёллаш амалиёти бўлиб, унда қарийб 2,6 миллион киши мавсумий терим ишларига жалб этилади. Гарчи сўнгги йилларда пахта экин майдонлари қисқартирилган бўлса-да, ушбу экин ҳамон маҳаллий аҳоли учун, айниқса қишлоқ аёллари учун муҳим қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
ХМТ Ўзбекистон ҳукумати, иш берувчилар ва касаба уюшмалари билан эришилган келишувга биноан пахта теримида болалар меҳнатини 2013 йилдан буён мониторинг қилиб келмоқда. 2015 йилдан бошлаб эса Жаҳон банки билан келишувга асосан ХМТ терим давомида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнат мониторингини амалга оширмоқда.
Жойлардаги ҳолатни холисона ўрганиш мақсадида ХМТ экспертлари томонидан ҳамроҳларсиз ва олдиндан эълон қилинмаган ҳолда теримчилар ва теримга жалб этилган бошқа шахслар билан 11 минг марта суҳбат уюштирган. Бу йилдан бошлаб эса бу жараёнда маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам қатнашган.
Мониторингда бирорта давлат идоралари вакиллари қатнашмаган. Самарадорликни янада ошириш мақсадида далаларнинг GPS координаталари таваккал равишда танлаб олиниб, ХМТ экспертларига сафарга чиқишдан бир оз муддат олдин берилди.
2018 йилда пахта далаларидаги теримчиларнинг аксарият қисми ихтиёрий равишда чиқишган бўлса, теримда иштирок этган баъзи давлат ташкилотлари вакиллари теримга чиқишни истамаганларини, аммо иш жойида муаммо келиб чиқмаслиги учун далага чиққанликларини билдирдилар.
Бошқа гуруҳ теримчилари эса терим учун тўлов миқдорининг анча яхшилангани ва қўшимча рағбатлантирувчи мукофотлар берилишини эшитиб далага чиққанлигини маълум қилган.
2018 йилда ҳукумат ишонч телефонлари орқали 2,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Кўп ҳолларда меҳнат ҳуқуқлари бузилишида айбдор, деб топилган мансабдор шахслар, ҳокимлар ва давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан интизомий ва маъмурий чоралар кўрилди. Бундай чоралар ишдан озод этиш, ҳайфсан ва жарималардан иборат бўлди.
ХМТ Ўзбекистон билан биргаликда “Мамлакат муносиб меҳнат комплекс дастури”ни 2014 йилдан буён амалга ошириб келмоқда. Пахта етиштириш соҳаси билан бир қаторда, ушбу дастур доирасида бандлик ва ёллаш сиёсати, меҳнат инспекциялари ва бошқаруви, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий мулоқот ҳамда касаба уюшмалари ва иш берувчилар уюшмалари салоҳиятини кучайтириш масалалари қамраб олинган.
Н.Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА