Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси билан учрашди
2018-11-26 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистон Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф дастурига кўра, 26 ноябрь куни делегациямиз аъзолари Қозоғистон Парламенти Мажлиси раиси Нурлан Нигматуллин билан учрашди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон вақт синовидан ўтган яқин қўшнилардир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб бормоқда. Бунда, албатта, давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ташрифлари давомида эришилган келишув ва шартномалар алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур ташриф Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтаётган бир пайтга тўғри келгани ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Шу билан бирга, Ўзбекистон парламенти аъзоларининг Қозоғистонга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллигига тўғри келмоқда.
Суҳбат чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов таъкидлаб ўтганидек, турли даражадаги алоқаларнинг фаоллашуви иккала мамлакатнинг кўпқиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини англатади. Бугунги кунда ушбу муносабатлар парламентларимиз ҳамкорлиги йўналишида ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Мазкур ташриф ҳам унинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
– Бугун Президентлар Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро бир-бирини ва қалин дўстликка асосланган ҳамкорликдаги самарали фаолияти шарофати билан Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида барча соҳаларда кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга мустаҳкам асос яратилмоқда. Бу эса қозоқ ва ўзбек парламенти аъзоларининг ҳамкорлиги ҳамда ўзаро фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради, – дейди Нурлан Нигматуллин.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Республикаси Парламентининг Мажлиси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Икки мамлакат парламентлари давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда фаоллик билан ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси