Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2018-11-23 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда бозор ислоҳотларини изчил чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Иқтисодий тараққиётнинг бугунги босқичи тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларига, инвестицияларни жалб этишга ва илғор бизнес лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмларига бўлган кучли эҳтиёжини юзага келтирмоқда.
Шу билан бирга, гаров билан таъминланган кредиторлар талабларини кредит маблағлари қайтарилишининг кафолати ҳисобланган гаровдаги мол-мулк қийматидан қондириш тизимининг самарасизлиги қўшимча маблағ жалб этиш имкониятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қонунчиликда белгиланган имконият бўлишига қарамай, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан автотранспорт воситаларидан бошқа кўчар мол-мулкни гаров сифатида қабул қилиш, шунингдек, гаров предмети қиймати кредит миқдоридан анча кўп бўлса ҳам, навбатдаги гаровни қабул қилиш амалиёти қўлланилмаяпти.
Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва юритишга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказий банкининг 2019 йил 1 январдан қуйидаги тартибни ўрнатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
гаров билан таъминланган кредиторлар талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритилган санага кўра календарь кетма-кетлигида амалга оширилади. Бунда, ушбу тартиб қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатига татбиқ этилмайди;
гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредитор-гаровга олувчилар ўз талабларини қондиришда гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредитор-гаровга олувчиларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар;
мол-мулкни харид қилишни уни таъминот сифатида қўйиш эвазига молиялаштирган кредитор гаров реестрига тегишли ёзувни киритган тақдирда, ушбу мол-мулк ҳисобидан ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади;
навбатдаги гаровга қўйишга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш шарти билан аввалги гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади;
гаровга қўювчи томонидан гаров предметини ижарага беришга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш ва бу ҳақда гаровга олувчини хабардор этиш шарти билан гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади.
2. Қуйидагилар:
шартномада ўзгача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тақдим этилган мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни сотишдан олинган ҳосил ва даромадларга (тушумга) кредиторнинг устувор ҳуқуқи;
лизинг, бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи олди-сотди, ижара ёки бошқа битимлар объекти бўлган ҳамда ушбу битимларда мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун қўйилган мол-мулкка (мулк ҳуқуқига) гаров учун белгиланган ундирув қаратиш тартиби;
ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, гаров предмети ёки кредиторнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш предмети сифатида қўйилган кўчар мол-мулкка ундирувни қаратишга суд буйруғи институти татбиқ этилсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
мол-мулк билан таъминланадиган мажбуриятни шу мол-мулк қийматидан қопланишини мумкин бўлган мажбуриятнинг максимал суммасини кўрсатиш йўли билан аниқлашга рухсат этилади;
мажбуриятлар бажарилишини мол-мулк билан таъминлашни назарда тутадиган битимлар, шу жумладан, гаров шартномаси мажбуриятлар бажарилишининг мулкий таъминоти предметини батафсил баён қилмасдан, уни умумий тавсифлаш орқали, жумладан, алоҳида тоифа бўйича тузилиши мумкин;
гаровга олувчилар ва бошқа кредиторларнинг талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун гаровга қўйилган ҳамда уларнинг талаблари бўйича ундирув қаратилган мол-мулк кредитга, бўлиб-бўлиб тўлашга, лизингга ёки қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши, ижарага берилиши мумкин, суд қарорлари ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни мажбурий реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни қоплаш бўйича талаблар тўғрисидаги ёзувлар гаров реестрига ўз вақтида киритилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда юридик ва жисмоний шахслардан гаров реестрига ёзув киритиш учун, шунингдек, гаров реестридан кўчирма бериш учун ундириладиган тўловлар миқдорини камида икки баробар камайтиришни назарда тутадиган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур қарорнинг норма ва талабларини амалга оширишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Адлия вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритишни ташкил этсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 23 ноябрь
Манба: ЎзА