Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-11-21 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кейинги вақтда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда электрон ҳужжат алмашинуви ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш учун электрон тижорат тизимлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. 

Шу билан бирга, соҳадаги ишлар ҳақиқий аҳволининг таҳлили марказлашган маълумотлар тизимига интеграцияни таъминлайдиган ягона ахборот-технологик платформанинг мавжуд эмаслиги натижасида жорий этилаётган дастурий ҳужжатлар тарқоқ эканини кўрсатмоқда. 

Рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий инфратузилмани қўллаш мақсадида: 

1. Маълумот учун қабул қилинсинки: 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади; 

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги, шу жумладан, “блокчейн” технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб этиш ва бирлаштириш асосий вазифаларидан бири ҳисобланган давлат муассасаси шаклидаги “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилган. 

2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик), Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Агентлик, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг “Universal Mobile Systems” МЧЖ (кейинги ўринларда – оператор) устав капиталидаги давлат улушини 100 фоиз миқдорда Жамғармага беғараз асосда топшириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

3. Белгилаб қўйилсинки: 

Жамғарма томонидан ушбу қарорга мувофиқ олинган мол-мулк юридик шахсларнинг фойда солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди; 

операторнинг устав капиталидаги ушбу қарорга мувофиқ топширилаётган улуш юридик шахсларнинг фойда солиғига ва қўшилган қиймат солиғига тортилмайди. 

4. Агентлик ва Жамғарма юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда икки ой муддатда самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) ва мамлакатда рақамли иқтисодиётни жорий этиш учун зарур техник базани яратиш билан бир қаторда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019-2021 йилларда “Universal Mobile Systems” МЧЖни ривожлантириш Концепциясини (кейинги ўринларда – Концепция) ишлаб чиқсин ва тасдиқласин: 

операторнинг бошқарув тизимига, шу жумладан, мобиль хизматлар кўрсатиш соҳасида етарли тажрибага эга малакали мутахассисларни жалб этиш орқали инновацион менежментни жорий этиш; 

ички куч ва маблағларни сафарбар этиш, телекоммуникация ускуналарини модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш; 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожланган мамлакатлар даражасида интернет глобал тармоғига уланиш имкониятлари билан имкон қадар тўлиқ қоплашни босқичма-босқич таъминлаш; 

барча давлат хизматларининг фақатгина операторнинг маълумотларга ишлов бериш марказлари орқали кўрсатилишини таъминлаш. 

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ: 

операторнинг устав капиталидаги топширилаётган давлат улушини бошқариш Жамғарма томонидан фақатгина Жамғарма Кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади; 

операторнинг устав капиталидаги давлат улушидан олинадиган даромадлар, шунингдек, мақсадли имтиёзлар беришдан бўшайдиган молиявий маблағлар Концепцияни амалга ошириш даврида технологик ускуналарни модернизация қилиш ва мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Жамғарма ҳисобига йўналтирилади; 

Концепцияда назарда тутиладиган тадбирлар операторнинг ўз маблағлари ва Жамғарма маблағлари, жалб этиладиган қарз маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. 

6. Оператор 2021 йил 1 декабрга қадар муддатга телекоммуникация соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензия бериш учун давлат божи, радиочастоталар спектридан фойдаланиш учун тўлов, шунингдек, радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш учун эксплуатация йиғими тўлашдан озод этилсин. 

7. Операторга: 

фақат ўз тижорат эҳтиёжлари учун, бошқа оператор ва провайдерларга овозли телефония ва интернет трафиги халқаро каналларини ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқисиз халқаро телекоммуникация тармоқларига (маълумотлар ва овоз узатиш тармоқларига), шу жумладан, “IP-телефония” технологиясидан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри уланиш; 

зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида Жамғарма билан келишилган ҳолда шартнома асосида мустақил хорижий, миллий консультант ва экспертларни жалб этиш ҳуқуқи берилсин. 

Белгилаб қўйилсинки, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан тегишли йўналишда хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган мутахассисларга нисбатан қўлланиши, истисно тариқасида, тавсиявий характерга эга. 

8. Вазирликнинг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Нукус кўчаси, 22-уй манзилида жойлашган биноси операторни жойлаштириш учун хўжалик юритуви ҳуқуқи асосида Агентликка топширилсин. 

9. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р.Ли зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 21 ноябрь 

Манба: ЎзА

Поделиться