Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мева-сабзавот экспорти: қулайликлардан янада унумли фойдаланиш муҳокама қилинди
2018-11-21 | Иқтисодиёт
Давлат божхона қўмитасида ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий тадбиркорларга кўмаклашиш борасида қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган видеоселектор шаклидаги учрашув ташкил қилинди.
Ташқи савдо вазирлиги, Савдо саноат палатаси, Марказий банк, Ўзбекистон фермерлар кенгаши, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзагроэкспорт” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда нафақат пойтахт тадбиркорлари балки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам ҳудудий божхона бошқармаларидан туриб, ўзларини қизиқтирган саволлар ва ўйлантираётган муаммолар юзасидан мурожаат қилиш имконига эга бўлишди.
Тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиевнинг таъкидлашича, семинардан кўзланган асосий мақсад қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларни давлат органлари ходимлари ва экспортёр корхоналар вакиллари ўртасида бир хил талқин этилишини таъминлашга қаратилган.
Семинарда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 17 октябдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-3978-сон Қарори хусусида атрофлича сўз юритилди.
Мазкур қарор билан мева-сабзавот маҳсулотларнинг экспортини амалга оширишда бир қатор енгилликлар берилди. Эндиликда юридик шахслар мева-сабзавот маҳсулотлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредетив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисиз экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайдиган бўлди.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг 19 ноябрига қадар республикамиздан хорижга қиймати 778 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги 1,1 млн. тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.
Таъкидланганидек, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро бозор стандартларига мос равишда (маҳсулотга тегишли белги қўйиш, ишлаб чиқарилган мамлакат, нави, хажми, оғирлиги, сифати ва ўрами тўғрисида маълумотларни акс этиш) қадоқлаш ва Ўзбекистон савдо бренди остида ташқи бозорларга экспорт қилиш хорижий мамлакатларда Ўзбекистон маҳсулотларининг мавқеини оширишга хизмат қилади.
Шу сабабли, қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспорт қилувчилари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспортга жўнатиш кластер тизимини жорий этишга кўмаклашиш учун шахсий жавобгарлик юкланган.
Тадбирда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, мавзу юзасидан тегишли тушунтиришларни беришди. Иштирокчилар эса ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Семинар якунида Давлат божхона қўмитаси республиканинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларга ўз ваколат доирасида барча амалий ёрдамларни беришга ҳамда товарлар экспорти божхона расмийлаштирувини туну-кун амалга оширишга тайёрлиги эслатиб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси