Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Нотўғри талқин – ҳуқуқий билимсизлик оқибати

2018-11-20 | Жамият

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорнинг мақсади бугунги кунда иқтисодиётимизни ривожлантириш учун зарур бўлган хорижий мутахассисларни Ўзбекистонга кенг жалб қилиш, жалб қилганда ҳам хориж давлатининг ҳар қандай фуқаросини эмас, балки фақат малакали ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилишдир.

Ўзбекистонга жалб қилиниши кутилаётган ходимлар юқори малакали ва малакали чет эл мутахассислари деб аталувчи иккита категорияга бўлинди.

Бунинг асосий сабаби, агарда ушбу қарорда белгиланган мезонларга мос келадиган чет эллик давлатимиздаги ташкилотлар таклифига биноан меҳнат қилиш учун келса ва белгиланган талабларга жавоб берса, улар бир қатор имтиёзларга эга бўлади.

Бу имтиёзлар мамлакатимиз фуқаролари фаолиятига, уларнинг мақомларига ёки бошқа муносабатларига умуман алоқаси бўлмаган масалалардир.

Жумладан, ушбу 2 та категорияга мос келган мутахассис (юқори малакали ва малакали):

– Ўзбекистонга келиш ва ишлаш учун рухсатномаларни олишда енгилликлар белгиланди (олдин 2 та рухсатнома олиш керак бўлган), рухсатномалар учун тўловлар камайтирилди, муддати 3 йилгача узайтирилди (аввал ҳар йилда бир марта қайтадан олишга мажбур бўлган);

– ўриндошлик асосида Ўзбекистон ҳудудида ишлаши мумкин бўлди;

– Ўзбекистонга келиш учун виза эса меҳнат шартномасида кўрсатилган муддатга бериладиган бўлди, муддатни узайтириш учун чет элга чиқиб, ариза бериш шарт эмас, яъни Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб, кейин яна қайтиб кириш мажбурияти йўқ;

– меҳнат шартномаси муддатига ходимнинг ўзига ва оила аъзоларига Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади (вид на жительство).

Яъни, ушбу келтириб ўтилган ва қарордаги бошқа имтиёзлар манзилли равишда Ўзбекистон учун энг керакли мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган. Бу тажриба кўплаб мамлакатларда жорий этилган.

Оладиган маош миқдори ва бошқа юқори талаблар эса, Ўзбекистонда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар ёки бошқа ташкилотлар томонидан тартибсиз равишда чет элдан ҳар хил мутахассисларни жалб қилишни олдини олиш мақсадида киритилган.

Қарор матни ва нормалар жуда оддий тилда тушунарли қилиб ёзилган бўлсада, айрим интернет нашрлар бу қарор мазмун ва моҳиятини умуман нотўғри талқин қилиб, ҳақиқатдан анча йироқ бўлган тушунтиришларни тарқатишмоқда.

Яъни, чет элдан келадиган юқори малакали ва малакали мутахассисларга ДАВЛАТ ТОМОНИДАН 60 минг доллар ойлик тўланар экан, деган умуман асоссиз ва мантиқсиз фикрлар билдирилган. Юқори ойлик тўлашни ташкилотларнинг ўзи ҳал қилади, бу чет эллик мутахассис ва иш берувчининг ўзлари ҳал қиладиган масаладир. Давлатнинг бу жараёнга алоқаси йўқ.

Адлия вазирлиги ОАВларни ушбу қарорга нотўғри шарҳ беришдан тийилишига чақиради ва қарор бўйича ҳар қандай саволларга жавоб ва тушунтиришлар беришга тайёрлигини маълум қилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться