Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасидаги XI жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) томонидан «IG Indoor Stadium» спорт саройида ўтаётган чемпионатда жаҳоннинг 60 га яқин мамлакатидан 300 нафардан зиёд боксчи қиз ғолиблик учун ўзаро рақобатлашмоқда.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси, вазни 81 килограммдан юқори бўлган Гўзал Исматова чорак финалга чиқди.
Гўзал ушбу босқичга чиқиш учун венгриялик Адриенн Жухасзга қарши рингга кўтарилиб, иккинчи раундда рақибини нокаутга учратди.
Афсуски, мусобақанинг 1/8 финал босқичида вакилларимиздан Шаҳноза Юнусова канадалик Мариям да Силвага, Турсуной Раҳимова болгариялик Стояка Петровага, Гуласал Султоналиева кореялик Баик Чо Ронгга имкониятни бой бериб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати 24 ноябрь кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА