Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашди
2018-11-16 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий окрукка қарашли Нукус горнизонида бўлиб, хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Бу горнизон ҳудудидаги ҳарбий қисм ётоқхонаси, ўқув корпуслари, ошхона, шунингдек, ҳарбий шаҳарчадаги боғча, мактаб ва яшаш уйлари янгиланди. Футбол, теннис, волейбол майдончалари қурилди.
Капитал реконструкция қилинган ўқув корпусида муддатли ҳарбий хизматчилар компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик курслари, хорижий тиллар, математика ва физика бўйича машғулотлар ўтказади.
Яна бир бинода мерганлик, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа, ҳарбий топография, ҳарбий тактик махсус ва алоқа тайёргарлик бўйича назарий билимини оширади. Бундан ташқари, бой китоб фондига эга ва замонавий ахборот воситалари билан таъминланган кутубхона аскарлар хизматида. Бу ерда ҳарбий хизматчилар видеомулоқот орқали таниқли ёзувчи ва шоирлар билан суҳбатлашиш имконига эга.
Президентимиз турли йўналишлар бўйича ўтказилаётган машғулотлар жараёнини кўздан кечирди, ёшлар билан суҳбатлашди.
Ҳарбийларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам билим жиҳатидан баркамол бўлиши учун ҳамма шароитларни яратяпмиз. Шунинг учун сизлар бир соат ҳам вақтларингизни беҳуда ўтказмай, китоб ўқишингиз, чуқур билим олишингиз, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни пухта ўрганиб, ёшларга ўрнак бўлишингиз керак. Чунки ёшлар бизнинг таянчимиз, умидимиз, деди Президент.
Фортепианода опера ижро этган курсант Жамшид Ҳимматовнинг ўқиши ва ижодига муваффақият тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти