Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов АҚШ мудофаа вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Колин Жексон бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.
АҚШ Қуролли Кучлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон томони ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳада, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар борасида Ўзбекистон – Америка мудофаа идоралари ўртасидаги келишувларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Учрашувда Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон минтақанинг барқарорлиги ва ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги барча ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
2018 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон масалалари бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида халқаро анжуман ўтказилгани, шунингдек, унинг якунида Тошкент декларацияси қабул қилинганининг ўзи Ўзбекистон терроризмнинг бошқа мамлакатларда тарқалмаслиги тарафдори эканини кўрсатади.
АҚШ – биз учун ишончли, узоқ йиллар давомида синалган ҳамкор бўлиб, ўртамиздаги дўстлик ва ўзаро муносабатлар доимий равишда олдинга қараб силжимоқда. Дунёдаги энг қудратли армияга эга мамлакат билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, шубҳасиз, Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади, – деди учрашув давомида Абдусалом Азизов.
Бугунги кунда ўзаро келишилган йиллик режаларга кўра, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фаолиятига доир масалалар бўйича тажриба алмашиш учун кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мудофаа вазири билан учрашувдан сўнг АҚШ делегацияси Қуролли Кучлар академиясида бўлди.
Меҳмонлар академия биносида жойлашган АҚШ мудофаа соҳасига оид машғулот хонаси билан танишиб, курсантлар учун яратилган шароитларни юқори баҳолади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил май ойида АҚШга уюштирган ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиб, мамлакатларимиз ўртасида янги стратегик ҳамкорлик даврини бошлаб берди. Мазкур ташриф давомида ўтказилган музокаралар натижасида томонлар мудофаа соҳасида амалий ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилаб олишига кенг имкон яратилди.
З.Жонибеков, ЎзА
Манба: ЎзА