Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ: Марказий сайлов комиссияси фаолияти замон талабига мувофиқ такомиллашади

2018-11-09 | Сайлов

Ўзбекистонда сайлов ҳамда референдумни демократик асосда, шаффоф ва мустақиллик принципларига мувофиқ ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу жараёнда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича зарур чора-тадбирлар қабул қилинди ва бу жараён давом этмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунинг тасдиғидир. 
 
Мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад ва вазифалар нималардан иборат? 
 
Бу ҳақда ЎзА мухбирига Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ қуйидагиларни сўзлаб берди: 
 
– Сайлов тизими – нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш асослари, балки фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш даражасининг муҳим кўрсаткичидир. Шу билан бирга, бугунги кун замонавий халқаро сайлов стандартларини жорий этишни, тизимда ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. 
 
Марказий сайлов комиссиясининг ахборот-таҳлилий, услубий ва маслаҳат ишларини янада такомиллаштириш, сайлов комиссиялари аъзоларининг профессионал даражасини янада ошириш зарур. Шу мақсадда мавжуд сайлов тизимини такомиллаштириш, уни янада демократлаштириш, шунингдек, сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгиланган. 
 
Шундан келиб чиқиб янги қарорда миллий сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгиланди. Ушбу қарор мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда сиёсий соҳада амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларнинг мантиқий давомидир. Қарорга асосан, умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек, фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқлари таъминланиши янада демократлаштирилади ва либераллаштирилади. 
 
Сайлов комиссияларининг фаолияти самарадорлиги оширилади. Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ташкилий-ахборот, таҳлилий, услубий, маслаҳат функциялари кучайтирилади. 
 
Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилади. Сайловларни бошқариш тизими модернизация қилинади. Сайлов жараёнида ахборот хавфсизлиги таъминланади. Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизими жорий этилмоқда. Сайловчилар ҳамда сайлов жараёни бошқа субъектларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга эътибор кучайтирилади. 
 
Эндиликда Марказий сайлов комиссияси таркибида сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича Ўқув маркази тузилади. Марказ сайлов комиссияси аъзоларини тизимли ўқитади ва малакасини оширади. Уларнинг сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича профессионал кўникмалари оширилади. 
 
Марказ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиёти, шунингдек, сайлов қонунчилигига умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларга асосан миллий сайлов қонунчилигига мувофиқлигини мунтазам мониторинг қилиб боради. 
 
Шунингдек, сайлов тизимининг муаммолари чуқур ўрганилади. Марказ ушбу соҳадаги долзарб муаммолар бўйича тадқиқотлар ўтказади ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Сайлов жараёнини ташкил этиш бўйича илмий-амалий қўлланмалар тайёрлаб, чоп этади. Сайловчиларнинг сайловда овоз бериш тартиби, сайлов кампанияси жараёнлари билан таништириш бўйича замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқув-услубий материаллар тайёрлайди. 
 
Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, сайлов комиссиялари ва рефендумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятида жамоатчилик иштироки кенг таъминланади. 
 
Сайлов комиссиялари фаолиятининг моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, сайлов комиссиялари аъзолари ва ходимларининг самарали фаолият юритишлари учун ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий этилади. Сайлов қонунчилигининг меъёрлари унификацияланади ва такомиллаштирилади. 
 
Айтиб ўтиш керакки, Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда демократик тамойилларга ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кодекс лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва халқаро экспертлар эътиборига ҳавола этилди. 
 
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда сайлов жараёнига “битта сайловчи - битта овоз” тамойилини амалга оширишни таъминлайдиган сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхатини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 
 
Қарор билан Марказий сайлов комиссиясининг сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. 
 
Сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи 7 нафар аъзоси, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котиби ишини ташкил этиш, шунингдек, 26 нафар масъул ходимдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссияси котибияти штат бирлиги белгиланди. 
 
Қарорда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва котибият ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш, уларга унвон-мартаба даражаси бериш каби имтиёзлар ҳам назарда тутилган. Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг мақомига тенглаштирилди. 
 
Қарорга асосан Марказий сайлов комиссиясига мажлислар ўтказиш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан ташриф буюрувчи кузатувчи ва расмий делегацияларни қабул қилиш, шунингдек семинар-тренинглар ўтказиш учун етарли хоналаридан иборат алоҳида бино ажратилади. 
 
Бундай янги имкониятлар сайлов тизимининг тубдан такомиллашиб, самарали ишлашига, энг муҳими, замон талабига мос, демократик тамойилларга мувофиқ иш олиб боришига замин яратади.
 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться