Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нукусда “Тошкент” меҳмонхонаси
2018-11-08 | Туризм
Нукус шаҳрида уч юлдузли “Тошкент” меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, ушбу хайрли ишдан сўнг Қорақалпоғистонда меҳмонхоналар сони 32 тага етди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2018-2019 йилларга мўлжалланган Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига кўра ҳудудда 8 меҳмонхона, 3 ўтовли уй, 2 транспорт хизматларини йўлга қўйиш белгиланган.
Мўйноқ тумани ҳокимлиги таклифи билан Судочье кўли атрофида дам олиш маскани ташкил қилинмоқда. Бу ерда ҳам ўтов меҳмонхона қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, ташаббускорлар томонидан Нукус шаҳридаги Аччиқ кўл бўйида сайёҳлик мажмуаси қурилиши белгиланган. Элликқалъа туманидаги Ақчакўл яқинида замонавий 3 қаватли меҳмонхона қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда Ақчакўл ҳудудида 9 ўтовли уй, ошхона қурилган. Уларга катер, гидроскутер ва катамаранлар келтирилган. Бундан ташқари, Қанликўл туманида балиқ етиштириш учун сунъий кўл ташкил қилинган бўлиб, мазкур кўл ўртасидаги кичик оролларда ўтовли уйлар ташкил қилинган.
Қорақалпоғистонда ҳозирда қадимий ёдгорликлар – Аёзқалъа ва Тупроққалъада, ҳатто Нукус шаҳридан 400 километр олисдаги Орол денгизи бўйларида ҳам ўтов меҳмонхоналар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида эса илк бор уй меҳмонхоналари ташкил қилинди.
– Ушбу 11 қаватли иншоот кўп йиллардан буён фойдаланилмасдан турганди, – дейди Нукус шаҳри ҳокими Парахат Торешов. – Бўш турган бу бино тегишли тартибда тендер савдосига қўйилиб, “KKRASI BETON” хусусий корхонаси томонидан инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотиб олинди. Мана, қисқа фурсатда 63 ўринли премиум-класс хоналарга эга меҳмонхона фойдаланишга топширилди.
Инвестиция дастурининг дастлабки қиймати 3 миллиард 200 миллион сўм белгиланган эди. Лекин тадбиркор ўз маблағлари ҳисобидан киритилган инвестиция миқдори 8 миллиард сўмни ташкил қилди.
Янги меҳмонхонада 30 янги иш ўрни яратилди.
Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА