Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Барқарор бандликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2018-10-30 | Жамият
2018 йил 29 октябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан Тошкент Халқаро Вестминстер университетида “Ўзбекистонда барқарор бандлик: ҳолат, муаммо ва уларни ҳал этиш йўллари” мавзусига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, Илмий марказлар, элчихона ва ҳалқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Экспертлар сифатида таклиф этилган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Республика “Оила” илмий-амалий маркази директори Дилором Тошмуҳамедова, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Турсун Аҳмедов Ўзбекистонда меҳнат бозорини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақидаги фикрлар билан мулоқот жараёнини бошлаб берди.
Шундан сўнг, меҳнат ва бандлик соҳаси бўйича Ўзбекистондаги асосий муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларига оид таҳлилий маърузалар тақдим этилди. Мазкур тақдимотларда юртимиздаги бандлик ҳолати ва шу жараёнлар билан боғлиқ долзарб масалалар хусусида фикр юритилди.
Мулоқотнинг иккинчи ярми Ўзбекистонда меҳнат бозорини янада ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланди. Муҳокама давомида экспертлар гуруҳи ўзларининг аниқ ва концептуал фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари билан фикр алмашиниб, мавзуга оид масалаларда савол-жавоблар ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги