Бугун бутун дунёда энергетика муаммоси долзарб бўлиб турибди. Айрим мамлакатлар бундай муаммони ечишда нефть маҳсулотлари ёки табиий газни сарф этаётган бўлса, баъзи давлатлар қуёш ёки шамол каби муқобил энергия манбаларидан фойдаланмоқда. АҚШ, Франция, Россия, Япония, Англия, Хитой, Швеция каби ривожланган мамлакатларда эса атом энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Юртимизда ҳам саноат ишлаб чиқаришининг жадал ривожланиши, айниқса, аҳоли сонининг йил сайин кўпайиб бораётгани электр энергиясига эҳтиёжни тобора оширмоқда. Уни тўла-тўкис қондиришнинг бирдан-бир оқилона йўли – атом энергиясидан фойдаланишдир. Чунки таҳлиллар бундай энергиянинг истиқболли эканини кўрсатмоқда. Бу нималарда намоён бўлади?
Биринчидан, бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган 57 миллиард кВт/соат электр энергиясининг асосий қисми иссиқлик электр станцияларида ҳосил қилинмоқда. Бунинг учун йилига 17-18 миллиард метр куб табиий газ, 2,5-3 миллион тонна кўмир ва 90-95 минг тонна нефть маҳсулотлари сарфланмоқда. Электр энергияси ҳосил қилиш учун сарфланаётган ёқилғининг ёнишидан атроф-муҳитга, қолаверса, инсонлар саломатлигига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ривожланишига зарар етмоқда.
Иккинчидан, электр энергиясини нефть, газ ва кўмир ҳисобидан ҳосил қилишнинг ҳам захираси чекланган. Маълумотларга қараганда, углеводород ёқилғилари бугунгидек миқдорда сарф қилинса, узоғи билан кўмир 150 йилга, табиий газ 70 йилга ва нефть маҳсулотлари 50 йилга етади, холос. Шу боис, мамлакатимизда иссиқлик электр станциясидан фойдаланиш истиқболли эмас.
Учинчидан, иссиқлик электр станцияларида ёқилаётган табиий газ, кўмир ва нефть маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархи ҳисоб-китоб қилинса, йилига ўртача 1,5-2 миллиард АҚШ доллари атрофида маблағ сарфланаётганини кўриш мумкин.
Тўртинчидан, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий қудрати унинг электр энергияси билан қай даражада таъминланганига ҳам боғлиқ. Чунки мамлакатда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш корхоналари, йирик саноат марказларининг самарадорлиги, тўла қувват билан ишлаши электр энергияси таъминотига боғлиқ.
Ана шу жиҳатларни эътиборга олсак, Президентимизнинг 2017 йил 8 ноябрдаги “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида юртимизда атом электр станцияси (АЭС) қуришга киришилиши энергетика соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсатдир. Бу мамлакатимизни экологик тоза ва арзон энергия ресурси билан таъминлаш имкониятини яратиш билан бирга, яқин келажакда Ўзбекистонни тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Айни пайтда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 70-75 миллиард кВт/соат ва қурилиши мўлжалланаётган икки блокдан иборат атом электр станциясида ишлаб чиқариладиган энергия қуввати 2,4 гВт экани ҳисобга олинса, ўз-ўзидан равшанки, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг бир қисмини экспорт қилиш имконияти ҳам туғилади. Шунингдек, АЭС ишга туширилса, 2030 йилларга бориб ялпи ички маҳсулотимиз қарийб 3-3,5 миллиард долларга кўпайиши, маҳаллий истеъмолчилардан тушадиган тушум ҳам шунчани ташкил этиши, қўшимча солиқ тушумлари эса 500 миллион долларга етиши башорат қилинмоқда.
Бу рақамлардан кўриниб турибдики, АЭС энергиясидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги ниҳоятда юқори. Халқаро атом назорати мутахассисларининг фикрича, АЭС қурилиши сарф-харажатлари 7-8 йилда ўзини тўлиқ қоплаб, мамлакат иқтисодиёти учун фойда келтира бошлайди.
Атом энергияси иссиқлик электр станциясида ҳосил қилинаётган энергияга нисбатан 7-8 баробар арзонлиги эътиборга олинса, унинг қанчалик истиқболли экани маълум бўлади. Бундан ташқари, атом электр станцияси ишга тушгач, 4 мингга яқин юқори малакали мутахассис доимий иш билан таъминланади. Айни пайтда юртимиздаги техника йўналишидаги олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон Фанлар академияси институтлари олдида атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш вазифаси турибди.
Жумладан, Самарқанд давлат университети жамоаси ҳам АЭС учун малакали мутахассис тайёрлашга ўзини масъул билиб, аниқ режа асосида иш олиб бормоқда. Ядро физикаси кафедрасида мутахассислар тайёрлаш учун ўқув режаларига ўзгартиришлар киритилди. Атроф-муҳитнинг радиацион ҳолатини ўрганиш бўйича “Физикавий-экология”, “Амалий ядро физикаси ва ядро энергетикаси” каби фанлар ўқитиладиган бўлди. Тегишли фанлар бўйича ўқув дастурлари яратилди. Шунингдек, физикавий-экология соҳасида магистр мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Яқинда кафедрамиз битирувчиларидан икки нафари Москва муҳандислик-физика институтининг “Ядро энергетикаси” ҳамда “Ядро физикаси ва технологиялари” магистратура мутахассисликларига ўтказилган танловда муваффақиятли қатнашиб, бюджет асосида ўқиш имкониятига эга бўлди. Яна тўрт нафар битирувчимиз Санкт-Петербург муҳандислик-техника институти магистратурасига бюджет асосида қабул қилинди.
2018 йил апрель-май ойларида кафедрамизнинг 2 нафар ёш ўқитувчиси Москва давлат университети “Ядро технологиялари” лабораториясида ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида малака оширди. Айни пайтда ўқитувчиларимизни мазкур университетда ядро технологиялари ва ядро энергетикаси бўйича илмий стажировкага юбориш бўйича келишувга эришганмиз. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.
Рашид Эшбўриев,
Самарқанд давлат университети
ядро физикаси кафедраси мудириф
Манба: ЎзА