Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юнусободда «Business city» қурилади
2018-10-26 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни ушбу замонавий ишбилармонлик маркази лойиҳаси билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 августдаги «Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ таклиф этилаётган ушбу мажмуа Юнусобод туманининг 2-Отчопар маҳалласидаги 45,5 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган. Унда савдо марказлари, бизнес офислар, кўнгилочар масканлар, сайлгоҳлар, турар жойлар ва бошқа объектлар бўлиши мўлжалланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг қиймати 500 миллион доллар бўлиб, 2019-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Президентимиз янги ишбилармонлик маркази қурилишида рельефдан оқилона фойдаланиш, дунё шаҳарлари тажрибасини ўрганиш зарурлигини қайд этди. Уни барпо этишга хорижий инвесторлар, тажрибали лойиҳачи ва қурувчиларни жалб этиш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди. Бу таклифлар Россиянинг Қозон шаҳри тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. У профессионал сервис компаниялари ташкил этиш орқали кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Президентимиз туманда ушбу тизимни жорий мавсумдаёқ татбиқ этиш, ҳар бир кўп қаватли уйнинг эгасини топиб, уларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади.
Инновацион, илмий ва ташкилий ишларни бирлаштириб, баравар олиб бормасак, бу соҳа эскича ҳолда қолаверади. Коммунал хизматлар хусусий корхоналар томонидан амалга оширилмаса, сифат бўлмайди. Сифат бўлмагандан кейин тўлов ҳам барқарор бўлмайди. Бу соҳада хизматни, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, вазият ўзгаради, одамлар рози бўлади, деди давлатимиз раҳбари.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти