Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: болаларнинг кўзидаги нурни илғаш керак
2018-10-26 | Сиёсат
Ўзбекистон Президентининг тегишли фармон ва қарорлари ижроси доирасида Тошкент шаҳрида ҳам мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, боғчалар тармоғини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Юнусобод тумани Боғишамол маҳалласида жойлашган 74-мактабгача таълим муассасаси жорий йилда реконструкция қилиниб, замонавий таъмирланди. Машғулот хоналари болалар тарбияси учун зарур, бежирим ва қизиқарли инвентарлар билан жиҳозланди. Ошхона ва спорт зали янгидан қурилди.
Бугунги кунда муассасада 375 та бола таълим-тарбия олмоқда.
Президентимиз боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.
Биз учун биринчи ўринда болаларимизнинг маънавияти, билими, соғлиги. Шунинг учун давлат томонидан мактабгача таълимга катта эътибор бериляпти ва бу ҳали бошланиши. Сизларнинг вазифангиз болаларнинг кўзидаги нурни илғаб олиш, уларга яхши тарбия бериш, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ва уларни ривожлантиришга оид лойиҳалар намойиш этилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги таклифларни маъқуллаб, хусусий шерикчилик асосида янги боғчалар қуриш, болаларни қамраб олишни кенгайтириш ва келгусида юз фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда Жанубий Кореянинг Пучон университети раҳбарлари билан видеоконференция орқали мулоқот қилинди.
Президентимиз боғча тарбияланувчиларига совғалар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти