Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ савдо вазирини қабул қилди

2018-10-23 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари савдо вазири Уилбур Россни қабул қилди.

Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май ойида АҚШга расмий ташрифи икки томонлама кўп қиррали муносабатларни янада юқори даражага кўтариб, стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистонга илк ташрифи томонлар эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар доирасида муносабатларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор ва уларнинг бу борадаги интилиши муштарак эканидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, АҚШ етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари, илғор технологиялари ва тажрибасини жалб этган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

АҚШнинг жаҳонга машҳур саноат холдинглари, молия-инвестиция корпорациялари ва банклари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида ўтган Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларининг самарали натижалари чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Учрашувда савдо, саноат ва юксак технологиялар, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳаларида аниқ лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқаришда амалий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон бозорида Америка компанияларининг фаолиятини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратишга, жумладан, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш хусусида фикр алмашилди.

АҚШ савдо вазири давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Уилбур Росс, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп геосиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча масалаларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга юқори даражада ишонишини таъкидлади. Дональд Трамп давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этди.  

Уилбур Росс мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳамда АҚШ бизнесида катта қизиқиш уйғотаётган, унинг Ўзбекистонда фаолият юритиши учун янги имкониятлар очаётган ислоҳотлар суръати ва миқёсини юқори баҳолади.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида барча имкониятларни ишга солишга тайёрлик билдирилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться