Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Йил-ўн икки ой мулоқот қиляпти
2018-10-23 | Жамият
Ўтган вақт мобайнида ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятида қандай туб ўзгаришлар амалга оширилди? Белгиланган қандай марраларга эришилди? Яна қандай муҳим вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйилди?
2018 йил 23 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган брифингда шу каби саволларга жавоб изланди.
Янги форматда, қизғин ва конструктив руҳда ўтган тадбирда партия фаоллари, депутатлар иштирок этиб, унда ЎзЛиДеП депутатлик корпусининг фаолияти танқидий-таҳлилий жиҳатдан атрофлича кўриб чиқилди. Фракциянинг ўтган даврда амалга оширган ишлари тўғрисида журналистларга ахборот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган учрашуви ҳамда 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар фракция фаолиятида замонавий ёндашувларни татбиқ этишга зарурат туғдирди. Унга мувофиқ, фракция аъзолари иш режасини такомиллаштириш билан бирга, фракциянинг позицияларини ишлаб чиқиш механизмларига ҳам катта эътибор қаратди.
Брифингда айтилишича, ўтган давр мобайнида депутатларнинг ўз сайловчилари билан бўлган мулоқотлар тизими тубдан ўзгарди. Эндиликда фракция аъзолари сайловчилар билан йил-ўн икки ой тизимли мулоқотлар олиб бормоқда.
2018 йилнинг январь-май ойларида республикамизнинг туман ва шаҳарларида олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати депутатлар томонидан чуқур ўрганилди. Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларидан иборат депутатлар 14 та ҳудудда, аксарияти гуруҳ раҳбарлигида фаолият олиб борди. Тасдиқланган жадвалга асосан, ҳудудий комиссиялар томонидан 50 та туман ва шаҳарга чиқишлар ташкил этилди. Шу билан бирга, ЎзЛиДеП фракцияси томонидан жойларда олиб борилган ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашга, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»га киритилган тадбирларнинг бажарилиши устидан парламент ва депутатлар назорати амалга оширилди. Уларнинг натижалари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг мажлислари ўтказилиб, уларда ҳокимларнинг, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқ хизмати раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.
ЎзЛиДеП депутатлик корпуси жойларда ишларни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар, шунингдек туман ва шаҳарлар даражасида ташкил этиш асносида ўтган давр мобайнида 12 мингдан ортиқ хонадонга ташриф буюрди, 43 мингдан ортиқ фуқаро, шу жумладан, 6,5 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари билан бевосита суҳбатлар ўтказди. Аниқланган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш чоралари кўрилди.
Брифинг давомида мамлакатимиз раҳбари томонидан адолатли тарзда танқид қилинган депутатлар корпуси қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини яхшилаш йўлида кўрилган чора-тадбирлар натижасида, агар 2016 йилда ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 7 та қонун киритилган бўлса, 2017 йилда ушбу рақам 13 тага, 2018 йилнинг шу даврида эса, 9 тага етгани диққатга моликдир.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан парламент назоратини амалга ошириш ишлари ҳам сифат жиҳатидан ўзгарди. Ўтган давр мобайнида Президентимиз таклифлари асосида Қонунчилик палатаси мажлисларида «Ҳукумат соати» доирасида ҳукумат аъзоларини, фракция мажлисларида эса, вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасаларнинг раҳбарларини эшитиш механизми жорий этилди ва у амалда самарали қўлланилмоқда. Жумладан, ЎзЛиДеП ташаббуси билан «Ҳукумат соати» доирасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг республика аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувни тежамкорлик билан ишлатишда олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги фаолияти юзасидан ахбороти, фракция мажлисларида эса, Ўзбекистон Республикаси молия, иқтисодиёт, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, давлат солиқ қўмитаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
ЎзЛиДеП дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, мониторинг ўрнатилган вазирлик ва қўмиталар билан тизимли олиб борилган ишлар доирасида самарали парламент ва депутатлик назорати ўрнатилди. Бунинг натижасида эса, жорий йилнинг ўтган даврида ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишларида турли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг 12 марта ахбороти эшитилди.
Депутатларнинг «Facebook» ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифаларида барча фуқаролар учун очиқ бўлган «депутатнинг виртуал қабулхонаси» ўз сайловчилари билан алоқа сифатини ва тезкорлигини, улар фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлиги даражасини жиддий тарзда оширди.
Брифингда фракция аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига жами 58 та депутат сўрови юборилгани қайд этилди. Таъкидлаш лозимки, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан бу йўналишда анчагина сусткашликка йўл қўйилган. Хусусан, 2015-2018 йилларнинг ўтган даврида фракция аъзолари томонидан юборилган депутатлик сўровлари таҳлил қилинганда, жорий йилда юборилган сўровлар 2015-2016 йилларга нисбатан анча юқорилигини ва аксинча, 2017 йилга қараганда қарийб икки баробар камлигини кўриш мумкин. Депутат сўровларининг ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаган.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг ўтган даврдаги фаолияти давомида йўл қўйилган камчиликлар белгилаб олиниб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси