Япониянинг Осака шаҳрида ўтказилаётган бизнес форумда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси вакиллари иштирок этмоқда.
Форум иштирокчиларига сўнгги икки йилда Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, ипакчилик тармоғида яратилган шароитлар, соҳа корхоналари фаолияти ва мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп ипак маҳсулотлари тўғрисида маълумотлар берилди.
Япон ишбилармонларида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси ўринбосари О.Жумаев, “Ёдгорлик“ корхонаси бош директори А.Абдуллаев, “Нурли тонг силк“ корхонаси бош директори М.Қосимов, “Хатирчи пилла хазинаси“ корхонаси директори У.Маманов ва “Хоразм ипаги“ корхонаси директори Ю.Маткаримовларнинг юртимизда ипакчилик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қулай бизнес муҳити борасидаги тақдимоти қизиқиш уйғотди.
– Мақсад аниқ, ҳисоб-китобга асосланган, ҳаракат бор ва натижа ҳам ёмонмас, – дейди “Ёдгорлик“ корхонаси бош директори А.Абдуллаев. – Юқори даражадаги ва ўзига хос дизайнга эга, бозоргир ва экспортбоп ипак гиламларимиз японларни лол қолдирмоқда.
Киото - Япониянинг қадимий пойтахти, барча миллий урф-одатлар сақланиб қолган шаҳар. Бу ерда ипакдан тўқилган миллий либосдаги японларни кўплаб учратиш мумкин.
Форум иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида Япониянинг энг йирик ипакчилик компаниялари жойлашган бу шаҳарга саёҳат қилди.
Унда Япония бозорига ўзбек ипак маҳсулотларини олиб кириш ва япон инвесторларини Ўзбекистонга жалб қилиш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, “Ӯзбекипаксаноат“ уюшмаси ва Massui Co.Ltd ўртасида Токио шаҳрида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув битими имзоланди.
Сайёра Шоева, ЎзА
Манба: ЎзА