Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида Қарор имзоланди
2018-10-19 | Жамият
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Меҳнат ва бандлик масалалари бўйича федерал агентлик (Росмеҳнат) ўртасида биргаликдаги ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида Қарор имзоланди.
Ишчи гуруҳини ташкил этишдан асосий мақсад Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун уюшган тартибда йиғиш ва жалб қилиш ҳақидаги битимни амалга ошириш ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 5 апрелда Москвада қабул қилинган ҳукуматлараро Битим меҳнат миграциялари жараёнларини тартиблашга, шунингдек, Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.
Қарорни Ўзбекистон томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Россия томонидан эса Меҳнат ва бандлик масалалари бўйича федерал агентлик раҳбари Всеволод Вуколов имзолади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги