Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Музокаралар ҳар доимгидек ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитида, конструктив руҳда ўтди

2018-10-19 | Сиёсат

Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунида салмоқли ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнотни имзолади.

Ташриф доирасида имзоланган 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик дастури, “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича йўл харитаси, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги битим, Тўқимачилик саноатида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро алмашилди.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини қўшимча разведка қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокига доир қўшимча битим, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этиш тўғрисида битим, Фанлараро илмий таълим марказини ташкил этиш тўғрисида битим, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши ва “Россия ректорлар кенгаши” жамоат ташкилоти ўртасида битим, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Россия Федерацияси Миллий гвардия қўшинлари Федерал хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Ташриф асносида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та ҳужжат имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари учун брифингда Президентлар тор ва кенг доирадаги музокаралар ҳар доимгидек ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитида, конструктив руҳда ўтганини таъкидлади. 

Ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, мамлакатларимизнинг долзарб минтақавий ва халқаро масалаларга доир ёндашувлари мос ёки яқин экани тасдиқланди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Бугунги кунда Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига йўналтирган инвестициялари ҳажми 8,5 миллиард доллардан ошади. Ташриф доирасида биринчи бор ўтказилган “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро форуми бу борада катта аҳамият касб этди. Унинг якунида қиймати 2 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар бўйича келишувга эришилгани қайд этилди.

Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқладилар.

Президентлар хавфсизлик соҳасида ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган шериклик муносабатларини кенгайтириш Марказий Осиё минтақасидаги янги таҳдид ва хатарларга қарши курашиш вазифаларини биргаликда ҳал этишга хизмат қилишини таъкидлади.

Терроризм, экстремизм, айниқса, ёшлар орасида радикаллашувга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар Афғонистонда тинчликни афғонларнинг ўзи, афғонлар раҳбарлигида ўрнатиши зарурлигига ишонч билдирди. Россия Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорлик ривожида ижобий тенденциялар кузатилаётганини таъкидлади. 

Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилди. Жорий ўқув йилидан Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали иш бошлади. Мамлакатимизда самарали фаолият юритаётган Москва давлат университети, Россия иқтисодий академияси, Россия давлат нефть ва газ университети филиалларига қўшимча равишда Москва давлат халқаро муносабатлар институти, «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети, Россия давлат кинематография институти, Москва энергетика институти, Россия кимё-технология университети филиалларини очиш режалаштирилган.

Фан соҳасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, Жиззах вилоятидаги Суффа платосида йирик радиотелескоп ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида мамлакатимизда Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми тўртинчи бор ўтказилади.

Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масалага тўхталди. 2020 йилда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида мамлакатимизда махсус дастур ишлаб чиқиш ва Тошкентда “Ғалаба” боғ-мажмуасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу маскан фашизмга қарши курашимиз рамзи бўлади, ёш авлодни тарихга ҳурмат, ватанпарварлик ва халқлар дўстлиги руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Томонлар Россия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлашига ишонч билдирди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться