Пойтахтимизда Ўзбекистон – Россия таълим форуми бошланди.
Мазкур йирик халқаро форум давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ўтказилмоқда.
Маълумки, юртимизда олий таълим тизимига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим бўғини сифатида эътибор қаратилиб, соҳада жамият тараққиётининг устувор йўналишларига мос равишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларида замонавий йўналишларда малакали кадрлар тайёрлаш ҳажми ва сифатини ошириш бўйича кенг кўламдаги тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 13 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди, уларнинг учтаси нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларидир.
Иқтисодиётнинг реал секторида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилидан бошлаб 66 та замонавий таълим йўналиши ва 48 та магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Жамиятда олий таълим олишга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда таълим шакллари ва қабул квоталари мунтазам оширилмоқда. Бугунги кунда фуқаролар кундузги, кечки, сиртқи, махсус сиртқи, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим каби таълим шаклларида олий таълим олиш имкониятига эгалар. Қабул квоталари жамиятдаги мавжуд эҳтиёж ва ривожланиш суръатига қараб ошириб борилмоқда, охирги уч йилда бу кўрсаткич икки баробар кўпайди.
Янги ўқув йилидан 15 та олий таълим муассасасида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма диплом дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, уларда фаолият кўрсатадиган 500 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар хорижий таълим марказларида стажировка ўтаб келишди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 8 та филиал, 22 та қўшма факультет, 46 та икки томонлама қўшма дастурларни жорий қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Мингдан ортиқ хорижий мутахассисни республика олий таълим муассасаларида педагогик ва илмий фаолиятга жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш борасида, айниқса, Россия Федерацияси билан стратегик аҳамиятга эга ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Г.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети каби дунё миқёсидаги нуфузли олий таълим муассасаларининг Тошкент шаҳридаги ҳамда Россия “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 2140 нафар малакали кадр тайёрланмоқда.
Биргина жорий ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги тўртта олий таълим муассасасида Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда икки томонлама диплом бериш бўйича қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги қарори билан Тошкент шаҳрида “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиали ташкил этилди ва кейинги ўқув йилидан филиалда ўқув жараёнлари бошланади.
2018 йил 1 августда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Москва шаҳридаги ядро тадқиқотлари, муҳандислик-физика соҳасига оид институтлар билан магистратура бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзолади. Шартномага кўра мазкур олий таълим муассасасида ўзбекистонлик талабалар учун 2018/2019 ўқув йилида “Ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси” ҳамда “Ядро физикаси ва технологиялари” мутахассисликлари бўйича қадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти билан институтнинг Тошкент шаҳрида филиалини очиш ва кино соҳасида етук мутахассисларни тайёрлаш, малака ошириш ва тажриба алмашиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.
Икки давлат ўртасида олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш мақсадида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан илк маротаба Ўзбекистон – Россия таълим форуми ўтказилмоқда.
Халқаро форум ишида икки давлат Президентлари администрациялари, Ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясининг таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этаяпти.
Халқаро форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Ўзбекистон – Россия таълим форумида Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама этади.
Мазкур нуфузли анжуман Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар асосида талабаларни ўқитиш, факультет ва кафедралар филиалларини ташкил қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, мақсадли илмий изланишлар олиб бориш, ўқув ва илмий адабиётлар алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун замин яратилади.
Халқаро форум доирасида Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон – Россия таълим форумининг муваффақиятли ўтказилиши натижасида Россия Федерациясидаги нуфузли олий таълим муассасаларининг юртимизда филиалларини ташкил этиш, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида академик тайёргарлик, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, талабаларнинг илмий ва инновацион форумларини ўтказиш, биргаликда илмий тадқиқотлар ва бошқа тадбирларни олиб бориш борасида келишувларга эришилади. Келишувга эришилган янги филиал ва қўшма дастурларда иқтисодиётимизнинг реал секторларида эҳтиёж мавжуд бўлган кадрлар халқаро стандартлар асосида тайёрланади. Икки давлат олий таълим муассасалари учун мулоқот канали ташкил этилиб, келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келишувга эришиш учун имконият яратилади.
Н.Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА