Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг Россия томонидан раиси ўринбосари, Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирини қабул қилди
2018-10-15 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг Россия томонидан раиси ўринбосари, Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкинни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама алоқаларни юксак даражада фаоллаштиришга хизмат қилди. Кейинги йилда юқори даражада 80 дан ортиқ ўзаро ташрифлар ташкил этилди. Сентябрь ойида икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари раислигида Ҳукуматлараро комиссия мажлиси самарали ўтди. Кейинги ойларда мамлакатимиз ҳудудлари Россиянинг 28 субъекти билан шериклик муносабатларини йўлга қўйди.
Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан ортиқ ошди. Харидоргир маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кучайтириш ва истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Яқин кунларда Тошкент шаҳрида икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг форумлари бўлиб ўтади. Ушбу форумларда икки мамлакат ҳудудлари, компания ва корхоналари, олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирок этади.
Учрашувда Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига бўлажак давлат ташрифи кун тартибидаги иқтисодий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Иқтисодий ривожланиш вазири давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ҳукумат Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти