Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзэкспомарказ“: экспорт, янги технология ва инвестициялар учун имконият
2018-10-04 | Иқтисодиёт
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуасида “Пластмасса ва полимерлар саноати – Plastex Uzbekistan” ҳамда “Қадоқлаш ва босма иши – OʻZuPACK – OʻZBEKinPRINT” анъанавий халқаро кўргазмалари очилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган кўргазмалардан асосий мақсад мазкур йўналишларни янги босқичга кўтариш ва тизимга энг янги технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Бу йилги кўргазмалар ўзига хос тарзда ташкил этилган бўлиб, павильонлардаги пластмасса ва полимерлар саноати ҳамда қадоқлаш ва босма иши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, маҳсулотларнинг янги турлари намойиши кишини беэътибор қолдирмади. Шу жиҳатдан ҳам, бундай кўргазмалар майдонини ташкил этиш маҳаллий ва хорижий компаниялар фаолиятида жуда муҳимдир. Янгиликларга иштиёқи баланд компанияларнинг мазкур тадбирларда иштироки йилдан-йилга ортаётгани бунга яққол мисолдир. Масалан, ўтган галги намойишда 12 давлатдан 80 компания қатнашган бўлса, бу сафар 16 мамлакатдан 140 компания иштирок этмоқда.
– Мақсадимиз мазкур йўналишларда фаолият кўрсатаётган компанияларни, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намойишини ташкил этиб, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдир, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Н.Ҳасанова. – Бу каби нуфузли тадбирларни ўтказишда бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва “Ўзкимёсаноат“ акциядорлик жамиятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Тўққизинчи бор ўтказилаётган пластмасса ва полимерлар саноати маҳсулотлари намойиши мамлакатимиздаги шу соҳада иш юритаётган корхоналар ривожида муҳим ўрин эгалласа, ўзининг йигирма йиллик фаолияти эга қадоқлаш ва босма иши кўргазмаси тайёр қадоқ ва қадоққа белги қўйиш бўйича маҳаллий ва хорижий қадоқлаш техникаси ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар мақсадини янада бирлаштирмоқда.
Таъкидлаш керакки, “Пластмасса ва полимерлар саноати – Plastex Uzbekistan” халқаро кўргазмасида доимий иштирокчилар қаторида Ўзбекистон, Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой каби давлатлардан янги компаниялар ҳам қўшилмоқда.
Хитойдаги “Jing Hong” пластмасса маҳсулотларига қолип ишлаб чиқарувчи корхона ҳам бу кўргазмада биринчи бор қатнашмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА