Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Туризм ярмаркасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда

2018-10-04 | Туризм

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида 3 октябрь куни “Ипак йўлида туризм“ 24-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик бўйича фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар мутахассислари, дипломатик корпус, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, ҳунармандлар иштирок этди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори натижасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Туризмни мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ соҳа ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилаётган бўлса, 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармони юртимиз туризм салоҳиятини ошириш, соҳага инвестициялар жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг халқаро ярмарка иштирокчиларига табригини Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди. 

Тадбирда Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмаси изчил ривожланаётгани, туристларни кенг жалб қилиш мақсадида янги лойиҳа ва тармоқлар ишга туширилаётгани, замонавий кадрлар тайёрлашда Самарқанд шаҳрида очилган “Ипак йўли” халқаро туризм университети муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди. 

Маълумотларга кўра, 2017 йилда дунё бўйича сайёҳлар сони 1 миллиард 322 миллионни ташкил қилган. Бу 2016 йилга нисбатан 7 фоизга кўп демак. Бундай суръат 2018 йилда ҳам давом этиб, ўртача 4-5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ушбу рақамлар жаҳон иқтисодиётида сайёҳлик соҳасининг нечоғлик муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Зеро, туризм ресурслари табиий бойликлар каби вақт ўтиши билан камаймайди, аксинча, оммалашиб бораверади. 

Тошкентда ўтказилаётган ушбу халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўзининг кўлами ва иштирокчилари сони, миллий стендларда намойиш этилаётган кўргазмалар миқёси ва бой мазмуни билан ажралиб туради. Унда Қозоғистон, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Миср, Сингапур, Малайзия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия, Чехия, Украина сингари қатор давлатлардан 60 га яқин фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда. 

– Тошкент туризм ярмаркасида иккинчи бор қатнашяпман, – дейди Исроилнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира. – Айтишим мумкинки, бу галги тадбир олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Қисқа вақтда Ўзбекистонда туризм саноатини жадал тараққий эттириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мамлакатингизда кўплаб давлатлар қатори Исроил фуқаролари учун ҳам виза тартибининг бекор қилинганини ана шундай муҳим ўзгариш сифатида қайд этмоқчиман. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 4 мингдан зиёд исроиллик сайёҳ Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Ўтган йилнинг шу даврига қараганда бу икки баробар кўп. Доимий тарзда ўтказиб келинаётган сайёҳлик ярмаркалари ушбу соҳадаги ҳамкорлигимизни юқори даражага олиб чиқиш имконини беради. 

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий уй-меҳмонхоналар, санаторийлар, курортлар, автотранспорт компаниялари, темир йўллар ва авиаташувчилар, туроператорлар, турагентлар, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматлари, музейлар ҳамда театрларнинг хизматлари намойиш этилмоқда. Ярмаркада маданий-тарихий, бизнес, спорт ва экологик саёҳатлар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, соғломлаштириш, гастрономик, экстремал, ёшлар туризм каби йўналишларга оид бўлимларда сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишлари қамраб олинган. 

Миллий кўргазмалар павильонида янги лойиҳа – “Ҳунармандлар шаҳарчаси“, “Рассомлар хиёбони“ ташкил қилинган. Ўзбек дизайнерлари яратган либослар, “Шарқ бозори“ кўргазмаси фаолияти йўлга қўйилган. 

Бир сўз билан айтганда, миллий павильондан мамлакатимиз ҳудудларининг маданияти, сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи тақдимот стендлари ўрин олган. Уларда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий урф-одати, туризм имкониятлари намойиш этилмоқда. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан илк бор ярмарка доирасида ахборот стенди тақдим этилди. Иштирокчилар ва меҳмонлар ушбу стендлар орқали туризм соҳасидаги хизматлар – лицензиялаш, аттестациядан ўтказиш ва семинар-тренинглар ҳақида маълумот олишлари мумкин. 

Ўзбек ошхонаси ўзининг мазали таомлари, ранг-баранг тайёрлаш усули билан машҳур. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон асрлар давомида нафақат маданиятлараро мулоқот маркази сифатида ном қозонди, балки турли давлатлар турфа таомларини бир диёр ошхонасида жамлай олди. Бу ярмарка доирасида ўтказилган анъанавий таом тайёрлаш – “Ипак йўли таъми” номли миллий таомлар фестивалида яна бир бор ўз тасдиғини топди. 

Ярмарка ва “Hosted Buyers“ дастури иштирокчилари халқимизнинг савдо-сотиқ маданияти, миллий маънавият, ижодкорлик салоҳияти, меҳмондўстлик каби эзгу қадриятлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда. 

 
Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться