Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Содиқ Сафоев Президентимизнинг Европага ташрифини нима учун айнан Франциядан бошлаганини айтди
2018-10-03 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга давлат ташрифи арафасида турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ЎзА мухбирига интервью берди.
– Давлатимиз раҳбарининг Европа мамлакатлари ичида илк ташрифни Францияга амалга оширилаётгани бежиз эмас. Шунинг учун ташрифга жуда катта тайёргарлик кўрилди. Тайёргарлик доирасида барча жиҳатларга эътибор қаратилди.
Тадбир арафасида бўлиб ўтган маданий-гуманитар тадбирлар доирасида кўтарилган масалалар ва мунозаралардан жуда катта натижаларга эришилди. Бу тадбирга бежизга ЮНЕСКОнинг масъул раҳбарлари ташриф буюрмади. Бундан ташқари тадбирда буюк олимлар, жамоатчилик арбоблари иштирок этди. Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва анъаналарини жаҳонга намойиш қилишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Президентининг Францияга ташрифидан кўзлаган асосий мақсад икки томонлама алоқаларни янги босқичга кўтаришдан иборатдир. Францияликлар Ўзбекистон раҳбарининг ташрифидан мамнун. Чунки, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар бугун нафақат Марказий Осиёда, балки, бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар бу ташрифни тарихий дея баҳолаётгани ҳам бежиз эмас. Ташриф дастурида турли масаллар кўриб чиқилади.
Франция дунёнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлари қаторида етакчилар сафида туради. Шунинг учун икки мамлакат ўртасида фан, таълим, туризм, тинчлик ва хавфсизлик, қишлоқ хўжалиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Музокаралар доирасида кейинги йил мамлакатимизда Франция иқтисоди ҳафталигини ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиманки, бугун мамлакатимизга келаётган туристларнинг энг кўпини французлар ташкил этади. Бу ҳам алоқаларимиз жадал ривожланаётганининг далилидир.
Манба: ЎзА