Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Абдусалом Азизов Тожикистонда ҳамкорлик машғулотларини кузатди
2018-09-21 | Жамият
Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги полигонда ҳамкорликда ўтказилган қўшма машғулотларда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ тожикистонлик ҳарбийларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари билан тақдирлади. Ўз навбатида ўзбекистонлик илғор ҳарбий хизматчилар ҳам Тожикистон мудофаа вазири томонидан рағбатлантирилди.
Машғулот шартига кўра дастлаб икки давлат ҳарбийлари ҳамкорлигида чегара яқинида аҳолини асир олган шартли террорчи кучларнинг жойлашган жойи учувчисиз учар аппаратлари воситасида аниқланди. Олинган маълумотларга асосланиб, уларни қўллаб-қувватловчи кучлар авиация ва артиллерия зарбалари орқали йўқ қилинди. Ўзбекистонлик десантчилар шартли душман келиши эҳтимолий йўналишига пистирма уюштирди. Жанговар техникалар воситасида ҳарбий хизматчилар тезкор ва аниқ ҳаракатланиб, аксилтеррор операциясини муваффақиятли якунлади.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳамкорликдаги жанговар операцияларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон мудофаа вазирлари кузатиб боришди. Уч кун давом этган амалий машғулотлар икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, чегара ҳудудларида хавфсизликни кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучларида фойдаланилаётган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Қўшма машғулотлар якунида Ўзбекистоннинг таниқли эстрада хонандалари ва ҳарбий санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Манба: ЎзА