Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” халқаро конференцияси иштирокчиларига
2018-09-20 | Сиёсат
Ҳурматли конференция иштирокчилари ва меҳмонлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Марказий Осиё минтақасининг транспорт масалаларига бағишланган халқаро форумда иштирок этаётган сиз, азизларнинг барчангизни Ўзбекистон заминида чин дилдан қутлашга ижозат бергайсиз.
Бугунги конференцияда иштирок этаётгани учун меҳмонларимиз – халқаро ташкилотлар, молиявий тузилмалар, дипломатик миссиялар раҳбарларига самимий миннатдорлик билдираман.
Аввало, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатлари билан қисқа муддатда минтақамизда ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган янги сиёсий муҳит шаклланганини қайд этишни истардим. Барча даражадаги мулоқотлар фаоллашди, амалий, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муҳим тарихий қадамлар ташланди. Шу йил 15 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бунинг ёрқин далилидир.
2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича махсус резолюция қабул қилингани минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берадиган тарихий воқеа бўлди.
Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг ҳамкорликка самимий интилиши ва умумий келажак учун масъулиятни ҳис этиши минтақамизнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигининг мустаҳкам кафолатидир.
Савдо-иқтисодий, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги суръатлар билан ривожланмоқда. Сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларида ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга эришилди. Транспорт соҳасидаги турли чеклов ва тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Минтақа мамлакатлари ўртасида виза ва божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилди, қўшимча ўтказиш пунктлари очилди, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти қатновлари тикланди ва бу борада ўнлаб янги йўналишлар йўлга қўйилди.
Аммо, ҳаётнинг ўзи бундай чора-тадбирлар етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Энг йирик халқаро бозорларни ўзаро боғлаб турган Марказий Осиёнинг муҳим геостратегик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда, минтақамизнинг халқаро транспорт йўлаклари тизимига интеграциялашувини жадаллаштириш мақсадида мамлакатларимиз саъй-ҳаракатларини бирлаштириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган минтақа давлатларининг транспорт-транзит харажатлари сезиларли даражада катта бўлиб, улар экспорт қилинаётган маҳсулот қийматининг 70-80 фоизигача етмоқда.
Божхона тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги оқибатида юк ташувчилар товарларни етказиб беришга кетадиган вақтнинг 40 фоизгача бўлган қисмини беҳуда йўқотмоқда. Жаҳон банкининг логистика соҳасидаги самарадорлик индексига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари 167 давлат орасида қуйи ўринларни эгаллаб келмоқда. Буларнинг барчаси бутун минтақа транспорт сектори рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келмоқда.
Шу муносабат билан Тошкентда ўтаётган конференция Марказий Осиёда янги интеграция жараёнларини бошлаш нуқтаи назаридан муҳим роль ўйнаши мумкин.
Мамлакатларимиз олдида транзит салоҳиятини янада ривожлантириш ва миллий иқтисодиётлар таркибида транспорт соҳаси улушини ошириш вазифаси турибди. Транспорт инфратузилмасига замонавий технологиялар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш мазкур вазифани амалий жиҳатдан ҳал этишга ёрдам беради.
БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг кооперация алоқаларини самарали йўлга қўйиш натижасида минтақа ялпи ички маҳсулоти ўн йилда камида икки баробар кўпайиши мумкин.
Шуни ҳисобга олиб, биз Ашхобод битими доирасида Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон – Ҳиндистон субминтақавий транспорт йўлагини шакллантиришни бошладик.
Биз Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши тез фурсатда бошланишига катта умид билдирамиз. Истиқболда бу йўл «Шарқ-Ғарб» лойиҳаси доирасида Хитойдан бошланадиган, Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали ўтадиган, кейинчалик янги барпо этилган Боку – Тбилиси – Карс темир йўл магистрали орқали Жанубий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ мамлакатлари ва Ўрта ер денгизи портларига олиб чиқадиган янги транспорт йўлагининг муҳим бўғини бўлиб қолади.
Минтақавий йўлакларни ривожлантириш ҳақида сўз борганда, ушбу жараёнга Афғонистонни жалб этиш муҳим эканини қайд этмасдан ўтолмаймиз. Қуриб битказилган Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли ва лойиҳалаштирилаётган Мозори Шариф – Ҳирот магистрали «Шимол-Жануб» лойиҳаси доирасида Эрон, Покистон ва Ҳиндистон темир йўлларига ҳамда Чохбаҳор ва Гвадар портларига олиб чиқадиган янги транспорт йўлагини шакллантириш имконини беради.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Минтақамиз мамлакатларини халқаро, жумладан, денгиз орқали юк ташиш тизимига интеграция қилиш хусусида сўз юритар эканмиз, айни вақтда ушбу ижобий жараёнга қатор омиллар тўсиқ бўлаётганини қайд этиш лозим.
Бу, аввало, Марказий Осиёда транспорт қатновини ривожлантириш, тўсиқларни бартараф этиш, минтақа давлатларининг виза, транзит ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, тариф сиёсатини уйғунлаштириш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича ягона қараш ва ёндашувлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.
Шу муносабат билан қуйидагиларни таклиф этамиз:
Биринчидан, Жаҳон банки, Осиё ва Ислом тараққиёт банклари, бошқа халқаро институтлар экспертлари ёрдамида Марказий Осиёнинг минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва шу асосда Марказий Осиё транспорт тизимини барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий дастур қабул қилиш зарур, деб ўйлаймиз.
Иккинчидан, минтақа мамлакатлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида муҳим роль ўйнашини ҳисобга олиб, ушбу ташкилот доирасида транспортда юк ташиш жараёнларини интеграциялаштирган ҳолда бошқариш тизимини яратиш лозим.
Учинчидан, транспорт-логистика соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал этишда мувофиқлаштирувчи тузилма бўладиган Марказий Осиё мамлакатлари транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгашни шакллантириш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, минтақанинг туризм жозибадорлигини ошириш мақсадида транспорт коммуникациялари ва инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш зарур. Жаҳон туризм ташкилоти билан биргаликда Марказий Осиёда туризм хабларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш айни шу мақсадга хизмат қилган бўлар эди.
Умид қиламанки, анжуманда маъқулланадиган ана шу ва бошқа ташаббусларни амалга ошириш Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашда, уни иқтисодий ривожланган минтақага айлантиришда, энг муҳим халқаро транспорт-транзит марказларидан бири сифатида минтақамизнинг жаҳон транспорт хизматлари бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Бугунги конференция натижалари минтақамизни халқаро транспорт йўлаклари тизимига интеграция қилишга доир янги ёндашув ва устувор йўналишларни ишлаб чиқиш, Марказий Осиёнинг ишга солинмаган улкан салоҳиятини мамлакатларимиз ва халқларимизнинг умумий манфаатлари йўлида сафарбар этишда фойдали бўлишига ишонаман.
Манба: ЎзА