Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмуриятлари раҳбарларининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот
2018-09-20 | ШҲТ
Тошкент шаҳрида 19 сентябрь куни "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар темир йўллари маъмуриятлари раҳбарларининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари – Ҳиндистон Республикаси Темир йўллар вазирлигининг Темир йўллар кенгаши аъзоси Гириш Пиллай, "Қозоғистон темир йўллари" Миллий компанияси" бошқаруви раиси Канат Алписбаев, "Қирғизистон темир йўллари" Миллий компанияси" давлат корхонаси бош директори ўринбосари Руслан Бектемиров, Хитой Халқ Республикаси темир йўллари давлат бошқаруви бошлиғининг ўринбосари Лю Кэцян, "Покистон темир йўллари" раиси Муҳаммад Жавад Анвар, Россия Федерацияси темир йўллари очиқ акциядорлик жамияти бош директори – бошқаруви раиси Олег Белозёров, "Тожикистон темир йўллари" давлат унитар корхонаси бошлиғи Комил Мирзоали иштирок этди.
Шунингдек, мажлисда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон Ислом Республикаси, Беларусь Республикаси ва Монголия Республикаси темир йўл ташкилотлари раҳбар ва мутасаддилари, ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори – Озарбайжон Республикаси темир йўллари раиси ҳамда ШҲТ Бош котиби ўринбосари Се Сяоюн қатнашди.
ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг мазкур янги форматига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шу йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувида асос солинди.
Қайд этилганидек, ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши бевосита транспорт-коммуникация тармоқларини комплекс тараққий эттиришга боғлиқ. Хусусан, темир йўл транспорти давлатлараро товар айирбошлаш, импорт-экспорт ташувларни амалга ошириш, денгиз йўллари билан тўғридан-тўғри уланиш имконига эга бўлмаган мамлакатларнинг жаҳон бозорига чиқиши учун муҳим ўрин тутади.
– Транспорт борасидаги имкониятларни бирлаштириш ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётини ривожлантириш баробарида, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлайди, – дейди Гириш Пиллай. – Ўзбекистон ташаббуси билан доимий фаолият юритадиган мулоқотнинг янги шакли Шарқни Ғарб билан, ўз навбатида, Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт-коммуникация тармоқларининг интеграциялашувини таъминлаш ҳисобига юк ташувлар ҳажмини ошириш имконини беради. Бунинг учун, аввало, барча миллий транспорт тармоқлари ягона меъёрларини ишлаб чиқиш зарур. Тадбирда бу борада Ҳиндистон томони таклифлари юзасидан маслаҳатлашдик.
Учрашувда транспорт бозори хизматларини кенгайтириш, божхона ҳужжатларини расмийлаштиришни енгиллаштириш ва тариф сиёсати масалалари бўйича музокаралар олиб борилди. Янги иқтисодий халқаро йўлакларни яратиш, денгиз портларига чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала логистика марказлари тизимини ташкил қилиш, экспорт-импорт юкларини жаҳон бозорига олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматларни яхшилаш имкониятларини таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Мулоқот чоғида темир йўл инфратузилмаларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия институтлари иштирокида янги темир йўл йўлакларини очиш, минтақада юк ташишни ошириш имконини берадиган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
– XXI асрда транспорт тизимларимиз олдида турган вазифалар кўлами ҳамкорликнинг ана шундай янги йўналишини яратишга эҳтиёж туғдираётганини таъкидламоқчиман, – дейди Олег Белозёров. – Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмуриятлари раҳбарларининг доимий мулоқоти борасидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватладик. Эндиликдаги вазифамиз транспорт борасидаги имкониятларни бирлаштиришнинг ҳуқуқий асосини ишлаб чиқишдан иборат. Шунингдек, тарифлар, логистика хизматлари, юк ташиш механизмлари бўйича қарашларни уйғунлаштириш зарур. Мажлис давомида шу каби устувор вазифалар ҳақида ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлдик.
Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар темир йўллари маъмуриятлари раҳбарларининг Баёноти имзоланди.
Ушбу ҳужжатда ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт хизматларини бирлаштириш йўналишидаги режаларга тўлиқ мос келадиган, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга мўлжалланган асосий йўналишлар ўз ифодасини топган.
Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмуриятлари раҳбарларининг навбатдаги учрашувини Қозоғистонда ўтказишга келишиб олди.
Манба: ЎзА