Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Махсус хабарнома
2018-09-18 | Жамият
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрталаб соат 08:30ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида 26 нафар йўловчиси бўлган автобусининг метан газ балони портлаши содир бўлиши натижасида 4 киши воқеа жойида, 1 киши эса касалхонада вафот этди.
5 нафар оғир беморлар РШТЁИМ Бухоро филиалига ётқизилди. 7 нафар беморнинг аҳволи ўрта оғирликда, 9 нафарининг аҳволи энгил бўлиб, улар Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча зарурий чоралар кўрилиб, РШТЁМдан хирург, нейрохирург ва реаниматолог мутахассислари санавиация тармоғи орқали юборилди.
Содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан Бош вазир ўринбосари Н.С.Отажонов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилиб, Комиссия аъзолари воқеа жойида иш бошлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги