Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шавкат Мирзиёев қуйиш-прокатлаш комплекси қурилишини бошлаб берди

2018-08-29 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти жамоаси билан учрашди. Давлатимиз раҳбари уларни Мустақиллик байрами билан табриклаб, ушбу комбинат мамлакатимиз саноатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Бекобод шаҳри аҳолисининг кундалик ҳаёти, турмуш тарзи, сифати ҳамда тақдири ушбу комбинат билан чамбарчас боғлиқ. Чунки Бекобод шаҳрининг 25 фоиз меҳнатга лаёқатли аҳолиси мазкур комбинатда ишлайди, шаҳар саноатида комбинатнинг улуши 80 фоизни ташкил этади. 

Шу боис Президентимиз бу комбинатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Қисқа даврда унинг иқтисодий ҳолати барқарорлашди.  

Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон металлургия комбинати ўз харажатларидан ортиб, Бекобод шаҳрида уй-жой, маданий-маиший ва спорт объектларини бунёд этиш учун 77 миллиард сўм маблағ йўналтиргани бунинг далилидир.

Жорий йилнинг 9 ойида комбинатда металл-прокат ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга, фойда эса қарийб 3 баробарга ортиши кутилмоқда. 2017 йилнинг худди шу даврида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 1 фоизга ҳам ўсмаган эди. 

Комбинатни 2018-2020 йилларда замонавий инновацион технологиялар асосида жадал ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурга мувофиқ яқин 3 йил ичида металлпрокат ишлаб чиқариш 2,3 баробар, пўлат шарлар ишлаб чиқариш 1,5 баробар, экспорт 1,9 баробарга ўсиши кўзда тутилмоқда. 

«Бундай рақамлар, барча-барча режаларимизни бир гап билан изоҳласак, мақсад - одамларни рози қилиш. Бунинг учун иқтисодиётимизни барқарор қилишимиз, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришимиз керак. Етти марта ўлчаб бир марта кесишимиз керак. Адолатли тизим қилиб, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, иқтисодиёт ўзи ишлайди, ривожланиш, натижа бўлади, одамларнинг ўйига даромад киради» деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз қуйиш-прокатлаш мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга оширишни бошлаш учун тамал тоши қўйди.

Мазкур лойиҳа доирасида комбинатнинг ўз маблағлари ҳисобидан 91 миллион доллар, Россиянинг “Газпромбанк” ва Швецариянинг “Кредит Свисс” банклари кредитлари ҳисобидан 361 миллион доллар, жами 452 миллион доллар маблағ ўзлаштирилади. 

Лойиҳа 2020 йилда тўлиқ ишга туширилиб, йилига 1 миллион тонна қўшимча пўлат лист маҳсулотини ишлаб чиқариш имконияти яратилади, 400 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади. Натижада комбинатда 2021 йилда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 2,1 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. 

Республикамизга прокатланган листлар импортининг камайиши ҳисобига йилига 350 миллион доллар валюта маблағлари иқтисод қилинади.  

Шунингдек, янги қурилаётган Тошкент металлургия заводининг асосий хомашёси бўлган иссиқ ҳолатда прокатланган листларга бўлган 500 минг тонна йиллик эҳтиёж тўлиқ қопланади. Қуюв-прокат мажмуасининг қурилиши Италиянинг “Даниели” компанияси томонидан амалга оширилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться