Миллий матбуот марказида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда вазирликнинг мутасадди раҳбарлари иштирок этиб, олий таълим тизимига жорий этилган янгиликлар ва соҳага оид бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот берди.
2018/2019 ўқув йилида 60 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 19 та филиалларига қабул бўйича тест синовлари ўтказилди. Республика олий таълим муассасаларида 620 мингдан зиёд абитуриент илк маротаба 13 кун давомида замонавий ахборот технологиялари асосида тест синовларини топширди.
Тест синовлари натижаларига кўра, республика бўйича ўртача ўтиш кўрсаткичи давлат гранти асосида 123,0 баллни, тўлов-контракт асосида 101,9 баллни ташкил этди. Cоғлиқни сақлаш, педагогика, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълим йўналишлари бўйича ҳудудлар кесимида тасдиқланган мақсадли қабул квоталари доирасида 2 минг 214 нафар абитуриент ўқишга тавсия этилди. Навоий вилоятининг олис Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларидан 74 нафар абитуриент қўшимча грант асосида ўқишга тавсия қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Одил Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларида ўқув жараёни янгидан такомиллаштирилган меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилади. Жумладан, янги ўқув йилидан бошлаб талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизими такомиллаштирилган кўринишда жорий этилади. Бунда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усулларини, шу жумладан, педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. «Устоз – шогирд» тизимини жорий этиш мақсадида ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар «вақт меъёрлари»нинг янги механизмлари тасдиқланади.
Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш янгича тартибда амалга оширилади. Олий таълим муассасалари битирувчилари топширадиган якуний давлат аттестация имтиҳонлари оптималлаштирилади ва асосий эътибор битирув малакавий ишлари ёки мутахассислик фанларидан давлат имтиҳонига қаратилади.
2018/2019 ўқув йилидан жорий этиладиган ўқув режалари кадрлар буюртмачи ташкилотлари ва идоралари билан ҳамкорликда тайёрланади. Бунда, фанлар сони оптималлаштирилиб, амалиёт дарслари кўпайтирилади.
Ҳозирда вазирлик томонидан хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 8 та филиал, 22 та қўшма факультет, 46 та икки томонлама қўшма дастурларни амалга ошириш орқали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Олий таълим муассасалари ўз фаолияти даражасида таълимни экспорт қилиш сиёсатини амалга ошириш учун “Хорижий талабаларни жалб қилиш ва олий таълим муассасаси имиджини шакллантириш бўйича” чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб хорижий фуқароларни олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилди. Натижада, жорий ўқув йилида 1 минг 924 нафар хорижий фуқаролар ўқишга қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 5-сон баёни билан тест синовларида кириш учун етарли балл тўплай олмаган, бироқ энг максимал баллнинг 30 фоизини (56,7 балл) тўплаган абитуриентларга олий таълим олиш имконини бериш мақсадида 276 та йўналишда жами 11 хил миқдорда оширилган тўлов-контракт миқдори тасдиқланди.
2018 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларининг базавий лавозим маошлари тегишли равишда табақалаштирилган ҳолда ўртача 25 фоизга оширилди.
Янги ўқув йилидан ўқиш муддати уч йил бўлган “Мактабгача таълим” ҳамда педагогика соҳаси бўйича “махсус сиртқи бўлим”, шунингдек, тегишли соҳалар бўйича ўқиш муддати беш йил бўлган “сиртқи бўлим” бакалавриат таълим йўналишлари ташкил этилди.
Олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат, магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич 18 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.
Нурилло Насриев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА