Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида
2018-08-14 | Жамият
2018 йил 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.
Мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 30 мартдаги тегишли Қарори асосида Республика ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикри ўрганилди.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июнда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Бошқа вазифалар билан бирга мазкур қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан жойларда оилавий тадбирларни миллий ва диний қадриятларимизга мос ҳолда, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш юзасидан доимий мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш, мониторинг натижалари асосида тегишли ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, урф-одатлари ҳамда мавжуд шароитларидан келиб чиқиб, оилавий тадбирларни намунали ўтказиш билан боғлиқ масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилиб бориш назарда тутилган.
Қарорда белиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида Сенат Кенгашининг мажлисида “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди.
Қарор билан комиссияларнинг намунавий низоми ва уларнинг намунавий таркиби ҳам тасдиқланди.
Унга кўра маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, оилавий тадбирларни ўтказиш вақтида миллий қадриятларга зид бўлган маросимларга, номақбул одатларга ва уларнинг салбий оқибатларига йўл қўймаслик юзасидан тарғибот ишлари олиб бориш, урф-одатларни менсимаслик, исрофгарчилик ҳолатларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш каби масалалар комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Бундан ташқари, Қарорда мамлакатимиздаги барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш белгиланди.
Сенат Кенгаши ўз ваколатига доир бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати