Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мудофаа вазирлигида Тожикистон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

2018-08-08 | Сиёсат

7 август куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Тожикистон Республикаси мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Уларга Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқуллодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ҳамроҳлик қилди.

Учрашув давомида ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди, ҳарбий-техника йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикрлар алмашилди.

Ўзбекистон мудофаа вазири икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолади ва жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг нақадар муҳим эканлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига уюштирган ташрифи тарих зарварақларига муҳрланди ва ушбу воқеа икки мамалакат ўртасидаги ҳамкорликнинг давомий ривожланишига ижобий туртки бўлди», — дейди А.Азизов.

Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасида мудофаа соҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантиришнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.

Тожикистон Республикаси мудофаа вазири илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди. У Ўзбекистон Қуролли Кучлари минтақадаги энг кучли ва замонавий қурол-аслаҳаларга, Ўзбекистон армиясининг ҳарбий хизматчилари жанговар ўқув машғулотлари борасида яхши базага эга эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари учрашувда шу йилнинг ўзидаёқ кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга ва давлатлараро мақсадли режаларни амалга оширишга эришилгани айтиб ўтилди.

Суҳбат давомида Тожикистон мудофаа вазири ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларини мураккаб шароитда қўшма ўқув машғулотларида иштирок этиш ва армия жамоалари ўртасида спорт ҳамда маданий тадбирларни ўтказишга таклиф билдирди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида профессионал кадрларни, айниқса, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида учувчилар таркибини тайёрлаш масаласини юқори баҳолади.

Учрашув якунида икки мамлакат мудофаа идоралари раҳбарлари ўзаро 2018 йилги ҳарбий ҳамкорлик режасини имзоди. Шундан сўнг меҳмонлар Мустақиллик майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Шунингдек, Тожикистон делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ҳам ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муасссасининг фаолияти ва мақсади билан танишди, қўмондонлик ва штаб бўғинидаги ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдаги замонавий ёндашувларни эътироф этди.

Шунингдек, Тожикистон Республикаси ҳарбий делегацияси Чирчиқдаги ҳарбий полигонда ҳам бўлиб, «Танк биатлони» беллашуви бўйича ташкиллаштирилган кўргазмали машғулотни томоша қилди.

8 август куни Тожикистон Республикаси ҳарбий делегацияси Самарқанд ва Бухородаги диққатга сазовор тарихий ва маданий обидалар билан танишади.

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Поделиться