Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида тадбиркорлик субъектлари билан учрашув бўлиб ўтди
2018-08-07 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Тошкент вилояти Халқ депутатлари Кенгашининг 2018 йил 05 январдаги навбатдан ташқари сессиясида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берди.
Жумладан, тадбиркорлик фаолиятидаги масалаларни ўрганиш, муаммоларни ҳал этиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни ва моҳиятини тушунтириш мақсадида ҳар ҳафтада туман ва шаҳарларда тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ва Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 2018 йилда вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарида тадбиркорлар билан ўтказиладиган учрашувлар режа-жадвали ишлаб чиқилган.
Режага мувофиқ, жорий йилнинг 3 август куни Оққўрғон туманида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Ф.Маманов ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Йиғилиш иштирокчиларига мамлакатимизда тадбиркорликка оид қабул қилинган сўнги қонун ва қонун ости ҳужжатлари, уларнинг мазмун моҳияти, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва улар эркинликларининг кафолатларини тушунтирилди.
Жумладан, «Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони эълон қилинди. Фармонга мувофиқ, эндиликда:
- давлат органи (мансабдор шахс) томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжат (қарор, фармойиш ва ҳ.к)нинг қонуний кучига ишонган ҳолда ўз фаолиятини юритган тадбиркорларнинг ушбу қарорнинг кейинчалик бекор қилинганлиги натижасида кўрган зарарлари тўлиқ қопланади;
- давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агарда бу виждонан ҳаракат қилган тадбиркорларнинг қонуний манфаатларига алоқадор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади.
2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерларни олиб қўйиш ҳақидаги қарорга фақат ерлари олиб қўйилиши режалаштирилаётган шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар баҳолангандан кейингина йўл қўйилади;
- олиб қўйилаётган ер участкаларидаги иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва олиб қўйиш оқибатида мулкдорларга етказилган зарарларнинг ўрни тўлиқ қоплангандан кейин йўл қўйилади;
- жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг қонунга хилоф маъмурий ҳужжатни чиқариши натижасида етказилган зарари давлат томонидан қоплаб берилади.
Фармон билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг аниқ мезонлари белгилаб берилди. Хусусан, эндиликда ерлар фақат қуйидаги ҳолларда олиб қўйилади:
- ерларни мудофаа ва давлат хавфсизлиги, мухафаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари учун, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши учун ажратишда;
- автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, темирйўл объектлари, кўприклар ва ҳ.к. қуришда;
- аҳоли пунктларининг бош режаларида назарда тутилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуриладиган объектларга, шунингдек, қонунлар ва Президенти қарорларида тўғридан-тўғри кўрсатилган бошқа ҳолларда.
Мазкур Фармон билан, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондида чет эл инвестицияларининг минимал миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача туширилди;
- чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди (жисмоний шахс ҳам иштирокчи бўлиши мумкин);
- чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондининг минимал миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача туширилди;
- чет эл инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараваргача камайтирилди;
- акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдори 400 миллион сўм (илгари 1 млрд 600 млн сўм) қилиб белгиланди;
- экспорт контрактлари контракт тузилган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ эълон қилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида ўтказиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхонада божхона юк декларацияси рўйхатга олинадиган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича расмийлаштириш тартиби бекор қилинди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига «Фахрий фуқаро» унвони берилади. Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ушбу унвонни бериш тартибини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилган. Шунингдек, агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатда ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг камида 8500 баравари миқдорида инвестицияни хўжалик жамиятларининг акция ва улушларини сотиб олиш, шунингдек хорижий корхона ташкил қилиш шаклида киритса, кўп марталик уч йиллик визаларни уларнинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмаган ҳолда чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан олиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш, тадбиркорлик фаолиятида эркин рақобат муҳитини таъминлаш борасидаги бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш масалаларида мурожаатлар тингланди ҳамда мурожаатларнинг барчаси туман миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар эканлиги қайд этилди.
Тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар таҳлили шуни кўрсатдики, муаммоларнинг юзага келиш сабаби, аксарият тадбиркорлар ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик борасида етарлича ахборотга эга эмаслиги ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини етарли даражада билмаслигидир.
Мунтазам равишда жойларда тадбиркорлар билан бу каби учрашувларнинг ўтказилиши, тадбиркорлик фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни ўрганиш, уларни ҳал этиш, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан кенг фойдаланишга кўмак бериш ҳамда уларнинг жамиятда рўй бераётган ўзгаришларда фаол иштирокини таъминлаш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси