Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-07-30 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. 

Ушбу мақсадда муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради. Хусусан: 

биринчидан, назорат қилувчи органлар ва инсофли тадбиркорлик субъектлари ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилинганлиги амалдаги текширувлар тизимини, давлат назоратининг бошқа турларини, шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади; 

иккинчидан, қонун ҳужжатларида замон талабларига жавоб бермайдиган айрим ҳуқуқий механизмларнинг мавжудлиги сабабли солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пенялар ва молиявий жарималар бўйича қарздорликлар сунъий йўл билан йиғилиб бормоқда; 

учинчидан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган давлат органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари амал қилмоқда; 

тўртинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб боришнинг ягона яхлит тизими мавжуд эмаслиги назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконини бермаяпти; 

бешинчидан, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этилмаган; 

олтинчидан, кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда. 

Бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг мазкур Фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қуйидагиларга ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш ҳақидаги таклифи маъқуллансин: 

2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга; 

давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга. 

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, мазкур банднинг тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилиши белгилансин. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ушбу бандда кўрсатилган шахсларнинг тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклашда, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам берсин, бажарилган ишлар натижалари тўғрисидаги ойлик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин. 

2. Якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинсин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси: 

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларга ҳисобланган ундириш умидсиз бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, мазкур қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қарздорликни хатловдан ўтказсин, кейинчалик кўрсатилган қарздорликларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўрсин; 

б) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Марказий банки, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда: 

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги бўлган ва икки ой давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби;

молия-хўжалик фаолиятни амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, фаолият кўрсатмаётган ташкилотлар ва муассислари узоқ муддат бедарак бўлган ташкилотларнинг умидсиз қарздорлигини ҳисобдан чиқариш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

4. 2018 йил 1 сентябрдан: 

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар; 

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинсин. 

5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан: 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилади; 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади; 

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт; 

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади; 

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади. 

6. Қуйидагилар: 

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар турларининг рўйхати 1-иловага мувофиқ; 

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхати 2-иловага мувофиқ; 

Назорат қилувчи органлардан бошқа ташкилотларга ўтказилаётган айрим назорат функциялари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 сентябрдан амалга киритилсин. 

7. Назорат қилувчи органлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда ўз фаолиятига “хавфни таҳлил этиш” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги тегишли низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги назорат қилувчи органларга “хавфни таҳлил этиш” тизимини ўз фаолиятига жорий этишда кўмаклашсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг бошланғич версиясини ишлаб чиқсин ҳамда 2019 йил 1 январдан унинг қуйидагиларга имкон берувчи тўлиқ версиясини ишга туширсин: 

а) ваколатли органга: 

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш ва текширувларни ўтказишга ноёб код билан рухсат бериш; 

назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган текширувлар ўтказиш тартибига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш; 

б) назорат қилувчи органларга ўтказилган текширувлар натижаларини киритиш; 

в) тадбиркорлик субъектларига ўз сўровларига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш. 

9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси: 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ушбу Фармон қоидаларини инобатга олган ҳолда “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ўрнатилган тартибда киритсин; 

бир ой муддатда “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунга қадар амал қиладиган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомни ҳамда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқласин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектлари – Палата аъзоларининг фаолиятида ўтказиладиган текширувлар мониторингини амалга ошириши ҳамда текширувларда иштирок этиши маълумот учун қабул қилинсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларга тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда якунлари юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ахборот тақдим қилиш тавсия этилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Марказий банкининг 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган янги енгил автомобилларни банк корпоратив карталари орқали сотиб олиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография 
ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда “Давергеодезкадастр” қўмитаси деб юритилади) ва Адлия вазирлигининг 2018 йил 1 октябрдан кўчмас мулкка (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга) бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришни бекор қилиш, тегишли ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестрига электрон шаклда киритиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

15. 2018 йил 1 октябрдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра: 

кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги, шу жумладан, ушбу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши, шунингдек, улар билан тузилган битимлар ҳақидаги ахборот маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат нотариал идоралари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, бошқа ваколатли органлар томонидан “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органларига тегишли хатти-ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб бир кун муддатда ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади; 

“Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органлари ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ахборотга асосан кўчмас мулкка бўлган тегишли ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади; 

жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилганда, давлат ва бошқа ташкилотлар сўров юборганда “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестридан тегишли ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи электрон ва (ёки) қоғоз шаклдаги кўчирмани тақдим этади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу банднинг талабларидан келиб чиққан ҳолда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва улар билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқсин. 

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин: 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармани (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил қилиш; 

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини белгилаш, уларда маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари жалб қилинишини назарда тутиш; 

давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини Жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартибини жорий этиш. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини назарда тутган ҳолда, Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарорини қабул қилсин. 

17. 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

18. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин. 

Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин. 

19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С.Қосимов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 27 июль 

Манба: ЎзА

Поделиться