Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ТАТУ ўқитишнинг кредит тизимига ўтди
2018-07-27 | Таълим
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018-2019-ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди.
Бундан кўзланган мақсад: ўқув жараёнига дунё олий ўқув юртларида кенг тарқалган ўқитишнинг кредит тизимини жорий қилиш орқали университетниг жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари қаторига киришини таъминлашдир.
Ўқитишнинг кредит тизимининг асосий афзалликлари:
• Академик мобиллик – талабанинг таълим жараёни даврида чет эл ўқув юртларида ёки ўзга таълим юртида таълим олиб сўнгра ўқишни давом эттира олиши;
• Таълим сифатини юқори даражадалиги – ўқув жараёнида чет эл ўқув юртлари ва ташқи муассасалардан ўз соҳасини мукаммал ўзлаштирган мутахассисларнинг жалб этилиши;
• Таълим жараёнининг жадаллигини таъминлаш мақсадида чет эл олий таълим муассасалари амалиётидан келиб чиққан ҳолда, ўқув дастурларининг ишлаб чиқилганлиги;
• Талабалар истагидан келиб чиққан ҳолда, фан танлаш имкониятига эгалиги ва ҳоказолар.
Эслатиб ўтамиз, ўқитишнинг кредит тизимида талабанинг маълум ўқув курсини ўзлаштириш даражаси турли мезонлар асосида белгиланадиган маълум миқдордаги кредитлар суммасини йиғишига боғлиқ бўлади.
Йиғиладиган умумий кредитлар талабанинг дарслардаги фаол иштироки, муайян ўқув курси давомида олинган тест натижалари, илмий изланишлар, оғзаки ва ёзма имтиҳонлар, амалиёт натижалари асосида белгиланади.
Университетда ўқитишнинг кредит тизимнинг татбиқ қилиниши ҳозирги ўзгарувчан халқаро меҳнат бозорида рақобатлаша оладиган олий тоифали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда умумжаҳон олийгоҳлар рейтингида юқори 1000 таликка киришга имкон яратади.
Қарор матни билан қуйида танишиш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги