Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Янги босқичда ривожланаётган соҳа

2018-07-20 | Жамият

Асал – саломатлик учун ғоят бебаҳо неъматлардан. Асал олиш эса ўта нозик ва эътибор талаб иш. Мамлакатимизда асалга бўлган эҳтиёжни қондириш ва тармоқда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш мақсадида кейинги йилларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турини янада кўпайтириш, қайта ишлаш, экспортни кенгайтириш, шунингдек, илғор тажрибаларни татбиқ этишга мустаҳкам замин яратди. 

Навоий вилоятида 2018 йилда асал маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмини 51 тоннага етказиш ва ўтган йилга нисбатан ўсишни 120 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Асалнинг 48 тоннаси деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар томонидан тайёрланади. Бунга ҳамкорликда иш олиб бориш, асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб хўжаликлар захира базасини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш бўйича замонавий усулларни жорий этиш орқали эришиш мумкин. 

Яна шуни таъкидлаш лозимки, қонунчиликка асосан энди асаларичилик хўжаликлари “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига асалари оилаларини асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тоғ ва тоғолди ҳудудлари, пичанзор ва яйловлар, қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланишга бепул берилади. Бу ҳам соҳани ривожлантиришда муҳим омилдир. 

“Алоқабанк” акциядорлик тижорат банки таркибидаги лизинг компаниялари асалари уяси, зарур жиҳоз, ускуна ва инвентарлар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технологик линияларни лизинг асосида тўлиқ етказиб беришга ҳаракат қилмоқда. 

– Яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини йилдан-йилга ошириш бўйича қатор тадбирлар белгиланган, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси У.Муродов. – Айни вақтда ҳудудда мазкур йўналишда 1 минг 70 нафар асаларичи 44 минг 500 асалари оиласини парваришламоқда. Ҳозиргача уларнинг ярми жорий йил дастлабки ҳосилини олди. Ҳосилдорлик ҳар бир оила ҳисобига ўртача 4-5 килограммни ташкил этаётир. Йиғим ниҳоясига етса, нафақат ички эҳтиёжни қоплаймиз, балки маҳсулотнинг бир қисмини экспорт қилишга ҳам имкон туғилади. Яқинда Украинанинг Закарпатье вилоятидан 600 дона “Карпат” зотли она болари келтирилди. У юқори ҳосилдорлиги, турли касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга, қишда кам озуқа жамғармаси билан яшай олади ва эрта баҳорда ўзини қисқа фурсатда тиклайди. 

Истиқболда вилоятда 2 мингга яқин кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятида мазкур сердаромад соҳа билан шуғулланишни йўлга қўйиш ва улардаги боларилар оиласи сонини 9 минг 775 тага етказиш бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Жорий йилда, шунингдек, хўжаликларга 1 минг 615 та асалари оиласи етказиб берилади. Қизилтепа туманида маҳсулотни қайта ишлаш корхонаси бунёд этилади. 

Соҳада қатор лойиҳалар ижроси учун 1 миллиард 200 миллион сўм инвестиция йўналтириш кўзда тутилган. 

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться